Маъруза online тарзда zoom тизимида 30 минут давомида ўтказилди, кафедра профессори Асраров А.А. томонидан талабалар учун маърузалар ўқиб эшиттирилди ва кафедра мажлисида хам мухокама қилинди.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий ҳаёти, шахсий фазилатлари, фаолияти, кўпқиррали меросини билиш ва англашга интилиш мозийдан ҳозирги кунга қадар давом этиб келмоқда. Чунки улуғ ўзбек шоири, носири, мутафаккири, давлат арбоби, маърифатпарвари, ижод аҳлининг мураббийси, фуқаро ғамхўри, мамлакат яхлитлиги, тинчлиги ва осойишталигининг толмас курашчиси Низомиддин Амир Алишер Навоий ўзининг кўпқиррали фаъолияти билан мамлакат ва халқ тақдири, илм-маърифат, шеърият ва маънавият тарихида алоҳида мавқега эга бўлган беназир сиймодир.
Алишер Навоий ўзининг фаолияти ва олижаноб инсоний фазилатлари билан ҳаётлиги вақтидаёқ жуда катта обру ва ҳурматга сазовор бўлган. Шунинг учун унинг ҳаёти, фаолияти, илмий ва адабий меросини ўрганиш, шахсий фазилатларини ёритиш, унга баҳо бериш, уни ибрат-намуна сифатида эътироф этиб кенг тарғиб этиш ўша вақтдан, яъни XV асрнинг иккинчи ярмидан бошланган.
Алишер Навоий ҳақида ҳозирча биринчи маълумот 875-ҳижрий-1470-мелодий йилда ёзилган «Матлаъ ус-саъдайн ва мажмаъ ул баҳрайн» (икки саодат бағишлагувчининг бошланиши ва икки денгизнинг бирлашуви) номли тарихий асарда учрайди. Асарнинг муаллифи Абдураззоқ Самарқандий бўлиб, мазкур китобнинг иккинчи жилдида 1470-йилнинг сафар – август ойигача содир бўлган воқеалар баёни жараёнида Алишер Навоийни «Амир Алишер» тарзида тилга олади, унинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ҳақида мўъжазгина маълумот беради. Бу манбада Алишер Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро таклифи билан Самарқанддан Ҳиротга келиб, «Ҳилолия» қасидасини буюк ҳайит куни Султон Ҳусайн Бойқарога тақдим этгани уқтирилган. Шунинг билан бирга Алишер Навоий Самарқанддалиги вақтида Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий ҳамда Хожа Убайдуллоҳ-Хожа Аҳрори Вали сўҳбатларидан баҳраманд бўлганлиги ҳам биринчи марта тилга олинади.
XVI-XIX асрлар орасида Шарқнинг исломий минтақаларида яратилган турли хил асарларда, жумладан З.М. Бобурнинг «Бобурнома», Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ», Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий», Абулмўминхоннинг «Том ул-таворих» (ХVI аср), Абдуллоҳ Кобулийнинг «Тазкират ут-таворих», Сайид Шариф Роқим Самарқандийнинг «Тарихи касира» (XVII аср), Волаи Доғистонийнинг «Риёз уш-шуаро» (XVIII аср) ва бошқаларда Алишер Навоий ҳаёти, мероси, фаолиятидан баҳс юритилди. Худди шу даврларда унинг меросини чуқур ўрганиш мақсадида асарларидаги сўзларнинг шарҳига бағишланган луғатлар яратилди.
XVI-XIX асрларда Ғарбда ҳам Алишер Навоий меросига бўлган қизиқиш, асарларини нашр этиш, таржима қилиш кўзга ташланади. Жумладан, 1697 йилда француз шарқшуноси Дербело «Шарқ кутубхонаси» қомусини нашр эттирди. Унда Алишер Навоийга доир мўъжаз маълумот ҳам бор. Бундай иш хусусан XIX асрда анча жонланди. Бу жиҳатдан француз шарқшуноси М.Беленнинг мақолалари ҳамда «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Маҳбуб-ул-қулуб»дан парчаларнинг чоп этиши (1861,1866 йиллар), Катрмернинг эса «Тарихи мулуки Ажам», «Муҳокамат ул-луғатайн» асарларининг аслиятда нашр этиши (1841), рус шарқшуноси М.Никитскийнинг «Амир Низомиддин Алишер ва унинг давлат ҳамда адабиёт соҳасидаги аҳамияти» мавзусида ёзилган магистрлик диссертациянинг китоб ҳолида нашр этилиши (1856 йил), Паве де Куртейл, Н.Илминский, И.Березин ва бошқаларнинг турли хилдаги ишларини эслатиш кифоя. Тўғри, Ғарб шарқшунослари асарларининг ҳаммаси ҳам бир хил савияда ёзилган, уларнинг ҳаммасида ҳам Алишер Навоий меросига юксак баҳо берилган деб бўлмайди. Чунки бу соҳадаги иш энди бошланаётган бўлиб, ҳали унинг ҳамма асарлари ҳам тўлиқ ва чуқур илмий тарзда ўрганилганича йўқ эди. Шундай бўлса-да, бу уринишларнинг натижаси сифатида М.Беленнинг «Алишербек ўз замонасининг машҳур ва энг сермаҳсул ижодкорларидан бири бўлган» тарзида мулоҳаза юритиши Ғарб шарқшуносларининг дастлабки ижобий хулосалари бўлганидан далолат беради.
XX асрдаги навоийшунослик ўз кўламининг кенглиги ва босиб ўтган йўлининг ўзига хослиги билан белгиланади. Бу ўзига хослик шундан иборатки, XX асрнинг 20-80 йилларида Ўзбекистонда ҳамда МДҲ мамлакатларида Алишер Навоий ҳаёти ва меросини ўрганишда шўролар сиёсати ўз таъсирини ўтказди. Шундай бўлса-да, Алишер Навоий ҳаёти, фаолияти ва меросини ўрганиш, унинг 500 йиллик (1948), 525 йиллик (1968), 550 йиллик (1991) юбилейларини ўтказиш ; асарларини (1948 йилда 3 томлик, 1968 йилда 15 томлик), уларнинг илмий-танқидий матнларини («Мажолис ун- нафоис», «Лисон ут-тайр», «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Мезон ул-авзон») нашр этиш, докторлик (А.Саъдий, А,Ҳайитметов, Ҳ.Сулаймон, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, Н.Маллаев, М.Ҳакимов ва бошқалар), номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, турли мавзуларда монография ва илмий мақолалар тўпламларини нашр этиш давом этди. Бу даврда А.Фитрат, С.Айний, О.Шарафиддинов, В.Маҳмудий, Ойбек, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Воҳид Абдуллаев, Мақсуд Шайхзода, Азиз Қаюмов, Саида Нарзуллаева, Суйима Ғаниева, Ёқубжон Исҳоқов (Ўзбекистон), Е.Э.Бертельс, С.Н.Иванов (Россия), Ҳ.Арасли, Ж.Нағиева (Озарбойжон), А.Мирзоев, Р.Ҳодизода (Тожикистон), Б.Карриев (Туркманистон) каби етук навоийшунослар фаолият кўрсатдилар. Шунинг билан бир қаторда Туркия (Огоҳ Сирри Левенд), Эрон (Али Асғар Ҳикмат, Рукниддин Ҳумоюн Фаррух), Афғонистон (Муҳаммад Яъқуб Жузжоний) ва бошқа мамлакатларда ҳам навоийшунослар фаолият кўрсатиб, асарларини нашр эттирдилар, турли хилдаги рисолалар, мақолалар тўпламларини яратдилар. Бу даврда мамлакатимизда Алишер Навоий хотирасини абадийлаштириш соҳасида айрим ишлар амалга оширилди. Унинг номи билан театр (Тошкент), университет, майдон (Самарқанд), кутубхона (Тошкент), кўча, хўжаликлар аталди. Унинг ҳақида роман (Ойбек «Навоий»), драма (Уйғун, Иззат Султон «Алишер Навоий»), қиссалар (Миркарим Осим) яратилди.
1991 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритгач, навоийшуносликда ҳам янги давр бошланди. Чунки бу даврда миллий истиқлол ғояси талаблари асосида халқ ва мамлакат тарихи, қадриятлари, бой илмий-адабий меросига холисона ва илмий асосда баҳо бериш, уни илк ва ишончли манбаъларга таянилган ҳолда ўрганишга кенг йўл очилди. Бу эса Алишер Навоий ҳаёти, фаолияти ва меросини чуқур ўрганиш ва ёритишга янги уфқларни очиб берди. Шунинг натижасида Алишер Навоийнинг йигирма томлик мукаммал асарлар тўпламининг нашри амалга оширилмоқда, илгари нашр қилинмаган «Муножот», «Сирож ул муслимин», «Бадоеъ ул-бидоя», «Наводир ун-ниҳоя» асарлари босилиб чиқди. Шу йилларда Алишер Навоий меросининг кам ўрганилган қирралари (масалан, тасаввуф муаммолари) кенг текширилиб, бу соҳада анчагина илмий ва илмий-оммабоп асарлар яратилдики, бунда адабиётшунослардан Н.Комилов, И.Ҳаққулов, Р.Воҳидов, С.Олимов, Н.Жумаев, С.Ғаниева, М.Муҳиддинов, Ш.Сирожиддинов, Д.Салоҳий ва бошқаларнинг муносиб ҳиссалари бор. Мустақиллик даврида Тошкент ва Навоий шаҳарларида Алишер Навоийга бағишланган муҳташам ёдгорликлар майдонга келди. Ҳозирги кунда – Алишер Навоий ҳаёти ва хусусан, кўпқиррали меросини ўрганишда шоир ва носирнинг бадиий маҳорати, бадиияти оламининг кўлам ва моҳиятини кашф этиш, уларни кенг китобхонларга тушинарли тарзда шарҳ ва талқин қилиш ҳамда истиқлол маънавиятини шакллантиришдаги аҳамиятини белгилаш асосий йўналиш бўлиб қолмоқда.
Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли, фаолияти ва мероси академик Иззат Султоннинг «Навоийнинг қалб дафтари» (Тошкент, БАН, 1969) номли китобида шоирнинг ўз асарларидаги маълумотлар ҳамда замондошлари қолдирган илк ва ишончли манбалар асосида анча кенг ёритилган. Шундан келиб чиқиб, бунда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериш маъқул кўринди.
Алишер Навоий ўзи турадиган «Унсия» да бой кутубхона ташкил қилиб, унинг биринчи китобдори (мудири) этиб, Мавлоно Муҳаммад Наққошни таъйинлади. Муҳаммад Наққош ўз замонининг билимдонларидангина бўлиб қолмай, балки наққошлик, рассомлик, соатсозлик ва чиний сандуқлар ясашда ҳам моҳир ҳунарманд эди. Унинг томонидан ясалган ажойиб сандуқ-соат Алишер Навоий кутубхонасида сақланган. Мавлоно Муҳаммад Наққош кутубхонани тартибли тарзда сақлаш билан ҳурматга сазовор бўлган. Унинг ёнида Алишер Навоийнинг шахсий котиблари мавлоно Абдулжамил, мавлоно шайх Абдуллоҳлар ҳам фаолият кўрсатганлар. Мирхонд «Равзат ус-сафо»ни ёзаётганда ана шу кутубхонадаги нодир қўлёзмалардан фойдаланган. Алишер Навоий бино қилган «Ихлосия» мадрасаси, «Шифоия» дор уш-шифосида ишлаган мударрислар, бу ерда таълим олган толиби илмлар ҳам ана шу кутубхонанинг нодир асарларидан фойдаланганлар. Кутубхонада сақланган нодир асарлар рўйхати сақланмаган бўлса-да, аммо Алишер Навоийнинг турли асарларида, Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» сида, Хондамир асарларида тилга олинган кўпгина манбалар шу кутубхонада сақланган асарлардан бўлса керак, деб тахмин қилиш мумкин. Мавлоно Муҳаммад Наққошнинг ажойиб фазилатларини кўрган Бадеъуззамон мирзо уни ўз кутубхонаси китобдори (мудири) қилиб олгач, Алишер Навоий ўз китобхонасининг китобдорлиги (мудирлиги)ни Хондамирга юклайди. Алишер Навоий вафотидан сўнг юз берган турли воқеалар туфайли, жумладан аввал Шайбонийхон, сўнг Исмоил Сафавийнинг Ҳиротни эгаллашлари, бошқа кутубхоналар (Ҳусайн Бойқаро, Бадеъуззамон мирзо, Абдураҳмон Жомий…) сингари Алишер Навоий кутубхонаси ҳам парокандаликка учраган.
Алишер Навоий ҳижрий ҳисобда 62, милодий ҳисобда эса бир ой кам 60 йил умр кўрдилар. Аммо бу қисқа умр давомида шунчалик кўп илмий-бадиий мерос қолдирдиларки, бу камдан-кам учрайдиган бир воқеадир. Гап асарлари сонининг кўплигида эмас, балки уларнинг моҳият жиҳатдан ҳар бирининг туркий ва форсий адабиётлар тарихида тутган улкан мавқеидадир. Хусусан ҳазратнинг туркий адабиёт ва илми тарихидаги беқиёс ўринлар ўша замондаёқ эътироф этилган эди.