Ўзбекистон давлатчилиги тараққиётида Амир Темур ва Темурийлар сулоласи муҳим ўрин тутади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу буюк аждодларга муносиб шоҳлардан биридир. У ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода. Улуғ бобомизнинг серташвиш ҳаёти ва жўшқин фаолияти сиёсий жиҳатдан инқирозга учраган Темурийлар давлатининг сўнгги даврига тўғри келди. Ушбу давр барча азоб-уқубатларини бошдан кечириш Бобур Мирзо чекига тушди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради. Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2-3 йилида  мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди.

Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; «Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим», деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фузалолар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва зазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

Юрт соғинчи ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек ҳеч бир шоир ёзмаган бўлса керак. Чунки Ватан ишқи, юртга қайтиш истаги умрининг сўнгги дамларигача уни тарк этмади. Буюк давлат арбоби шу армон билан оламдан ўтгани барчамизга маълум. Унинг илҳомчиси ҳам она юрт тупроғи бўлган бўлса, не ажаб. Бобур шеърларини ўқир­кансиз, бир маъюс оҳанг қулоғингизга чалинаверади. Бу юрт соғинчи, дард-аламлар, қўлида қалам ўрнига қилич тутган, жангу жадалда тоғу тошларда сарсон юрган шоир оҳангига ўхшайди. Ижодсиз яшай олмаслигини англаб, урушлардан тўйган, қалам эгасининг ноласи ҳам дейсан, киши. Жамиятдан, ён-атрофдагилардан алданган, улардан яхшилик кўрмаган, турли хиёнатларга учраган киши аламларига ҳам ўхшайди. Бир умр бобоси Темурбек бунёд этган гўшани ўша ҳолат­да кўриш орзуси билан яшаган, элини фаровон, илмли кўриш орзусида юрган адолатли шоҳ ноласи ёхуд ўн икки ёшида отадан ажраб, юртга бошчи бўлиб азоб чеккан ўсмир ноласи эмасмикан?! Меҳр кўрсатиб меҳр кўрмаган, яхшилигу вафою жафо нималигини чуқур англаган, тенги йўқ саркарда, жанг санъатининг моҳир эгаси, қалби ҳалим кишининг ноласига ўхшайди. У зотнинг сифатлари ҳақида гапираверсак кети узилмайди. Бу хислатлар буюк Соҳибқирон бобосидан ўтган бўлса не ажаб. Биргина рубоийси ҳам у кишининг кўнгил аламларини аниқ намоён этади.

Мирзо Бобур шунча дард-ситамлар кўришига қарамасдан қалам билан шамширни бирдек юргизгани, йирик давлатга асос солгани, беназир ашъорлар битгани кишига ҳайрат бахш этади.

Бобур ижодида инсоннинг маънавий камолотини таъминловчи, илм-маърифатга чорловчи манзумаларни, маънавий-маърифий характерга эга бадиий лавҳаларни ниҳоятда кўплаб учратишимиз мумкин. Уларнинг ҳар бири баркамол ёш авлодни тарбиялашда, инсон руҳий камолотини юксалтиришда муҳим дидактик манба бўлиб хизмат қила олади.

У 1530 йилда Ҳиндистонда вафот этди. Дастлаб Агра шаҳрида дафн қилинди. Кейин ҳоки Кобулга олиб келиб кўмилди. Бобур шу тариқа ўзи истиқомат этишни, муқим яшашни ният қилмаган Кобулда мангуликка бош қўйди.

Бобурнинг асарлари бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб кутубхоналари, музейларида сақланмоқда. Асарлари инглиз, немис, француз, рус, испан, итальян, голланд, ҳинд, турк, форс ва бошқа тилларга бир неча бор таржима қилинган. У ҳақда турли тилларда мақолалар, монография ва китоблар нашр қилинган. Шоир илмий мероси, ҳаёти ва фаолияти мамлакатимизда ҳам кенг миқёсда ўрганилмоқда. Унинг номи абадийлаштирилиб Андижонда ҳайкали ўрнатилган. Номи билан боғлиқ музей фаолият юритмоқда. Китоблари кўплаб нусхаларда чоп этилмоқда. Шунингдек, республикамизда Бобур номи билан боғлиқ халқаро жамоат фонди ҳам ташкил қилинган. Бу жамоат фонди томонидан улуғ шоир ҳаёти ва ижодий меросини кенг тадқиқ қилиш мақсадида халқаро доирада илмий экспедициялар, анжуманлар уюштирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, буюк шоир номи ҳам, мероси ҳам юртимизда ва дунё миқёсида улуғланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихимизни, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли. Бу ёшларни буюк аждодлар қолдирган мерос ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиляпти. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари томонидан қолдирилган бебаҳо илмий ва маънавий-маданий мерос эса буюк бобокалонларимиз билан фахрланиш, юртни, Ватанни севиш туйғуларини янада жўш урдиради.

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.