Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. Ш.Мирзиёев.

Миллатпарварлик – инсоният тараққиётида миллатларнинг ўрни ва аҳамиятини тўғри тушуниш, Ер юзининг ҳар бир бурчагида мавжуд миллатларни тили, турмуш тарзи, ирқи, ташқи қиёфаси, урф-одатлари, дини, маданиятининг ўзига хос томонларидан қатъи назар, ҳурмат қилиш, уларнинг озодлиги, тенглиги, гуллаб-яшнаши учун шарт-шароитлар яратиб бериш тарафдори бўлиш.

Миллатпарварлик ҳар бир кишидан миллатлар ва миллий муносабатлар соҳасида чуқур билимли бўлишни, миллатлар инсоният тарихида, унинг моддий ва маънавий маданиятининг шаклланишида, ҳозирги замон цивилизациясининг ривожланишида жиддий мавқега эга эканлигини билишни тақозо этади. Миллатпарварлик барча миллатларга баробар ҳурмат билан қараш, демакдир.

Ўз миллатини бошқа миллатлардан афзал кўриб, унга имтиёзлар беришни талаб қилиш ёки аксинча, ўз миллатига, унинг тили ва маданиятига бефарқ қараш миллатпарварлик қоидаларига зиддир. Шу билан бирга, миллатпарварлик барча миллатларни, уларнинг фарқ ва тафовутларини ҳисобга олмай туриб тенглаштиришни инкор этади. Ҳар бир миллатга бўлган муносабат шу миллатнинг истиқомат қилиб турган муайян шароитлари, тарихи, унинг шу асосда бошқа миллатлар билан ўзаро муносабатларига боғлиқ.

Миллатлар ҳам инсонлардек хилма-хил ва турли-туман бўлганлиги боис, миллий муносабатларда, ҳар бир миллатга нисбатан сиёсат ўтказишда ниҳоятда эҳтиёткорлик, муомала маданияти ва эътиборчанлик талаб қилинади. Ҳар бир инсоннинг миллатпарварлиги авваламбор унинг ўз миллатига, унинг тилига, маданиятига, анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларига бўлган муносабатида намоён бўлади. Лекин, миллатпарвар бу доирада чекланиб қолмайди, бошқа миллатларни ўз миллати билан тенг кўради.

Мустақил Ўзбекистоннинг юксалиши, ўзбек миллати гуллаб-яшнашининг тарафдори бўлган ҳар бир инсон миллатпарварлик қоидаларига содиқ бўлиши керак. Чунки, давлатимизнинг келажаги, биринчи навбатда, ўзбек миллатининг уюшқоқлиги, ғурури, тадбиркорлиги ҳамда миллий ҳудудимизда истиқомат қилиб турган ҳар бир кишининг, миллати, дини, тили ва эътиқодидан қатъи назар, кўнглини ола билиш, уни умуммиллий мафкурамиз атрофида бирлаштиришга, жипслаштиришга боғлиқ. Ўзбекистонда яшаб турган 130 дан ошиқ миллат ва элат вакиллари шу йўлдан бормоқдалар. Шу сабабли мустақиллик йилларида миллатлараро ҳурмат-иззат ва ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда.

Миллатлараро тотувлик ғояси cайёрамизда яшаётган 1600 дан зиёд этник гуруҳларнинг тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик асосида тинч-тотув яшаш ғоясидир. Миллатлараро тотувлик ғояси миллатпарварлик ғоясидир. У барча миллат ва элатларни тили, урф-одати, анъаналари, байрамлари ривожланишини талаб этади. Миллатчилик, фашизм, миллий ва этник кўринишдаги урушларга қарши турадиган ягона маърифий ғоядир.

Айниқса, бугун неофашизм бош кўтараётган цвилизациялараро тўқнашувлар содир бўлаётган шароитда миллатлараро тотувлик ғояси долзарб аҳамият касб этади. Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ғояси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига сингдирилган. Жумладан, бош қомусимизнинг 8-моддасида «Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади», деган муҳим қоида белгиланб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси миллий этник жиҳатдан ўзига хос хусусиятга эга. Айни вақтда Ўзбекистон худудида ўз маданияти ва ўз анъаналарига эга бўлган 130 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Улар ҳам мамлакатнинг барча фуқаролари қатори бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

Ўзбекистонинг миллий-маданий ранг-баранглиги миллий ўзликни англашнинг ўсиши ва маънавий жихатдан қайта уйғониш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, жамиятнинг янгиланиши, унинг очиклигининг қудратли омили бўлиб хизмат қилади ҳамда республиканинг жахон ҳамжамиятига қўшилиши учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Кўпмиллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсади миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни шакллантириш бўлиши зарур. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий сиёсатнинг ўзига хос йўли ишлаб чиқилдики, айни шу сиёсат миллий бағрикенгликнинг барқарор ривожланишига замин яратди. Ўзбекистонда шаклланган бундай миллий бағрикенгликдан кенг дунё жамоатчилиги ўрнак олишга интилаётгани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг маданий эҳтиёжларини қондириш учун миллий маданий марказлари фаолият юритади. Дастлабки миллий маданий марказлар корейслар, қозоқлар, яҳудийлар, арманлар томонидан республика вилоятларида 1989 йилда ташкил этилган. Бу марказларнинг чинакам ривожланиши ва равнақ топиши Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин бошланди. Бу даврда уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилди. Натижада уларнинг сони йил сайин ортиб борди. Агар 1992 йилда 10 та миллий маданий марказ иш олиб борган бўлса, 1995 йилда уларнинг сони 72 тага, 2003 йилда 135 тага етди. Ҳозирга келиб эса, мамлакатда 138 та миллий маданий марказлар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикасида яшовчи турли миллат вакилларини республика ижтимоий, маънавий‑маърифий ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш миллий маданий марказлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги турдош ташкилотлар ҳамда тарихий ватанлари билан дўстлик, ҳамкорлик, маданий‑маърифий алоқалар ўрнатиш ва ҳамдўстлик алоқаларини ривожлантириш, Республика байналмилал маданият маркази, турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда мамлакатда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш марказнинг асосий вазифаларидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 13 январдаги Қарори билан ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази эса ушбу миллий маданият марказлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга ташкилий ва услубий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Конституциянинг 34-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. 58-моддада кўрсатилишича, давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг имкониятлар яратиб беради. Ушбу қоидалар миллий маданий марказлар ташкил топишининг, улар фаолияти ва ривожланишининг ҳуқуқий асосидир.

Миллий маданий марказларлар этномаданий эҳтиёжларни қондиришга, миллий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга ҳамда мамлакатда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Улар ўз миллий маданиятларини ривожлантириш билан бирга бир-бирлари билан яқин ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакиллари орасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Миллий маданий марказлар ва улар ишини мувофиқлаштирувчи Республика байналмилал маданият маркази фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири – ёшлар ҳақида ғамхўрлик, мамлакатимиз келажаги бўлган баркамол авлодни шакллантиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Ўтган йиллар мобайнида Республика байналмилал маданият маркази томонидан 30 дан зиёд илмий рисола ва тўпламлар, шунингдек, миллатлараро тотувлик ва истиқлол йилларидаги ютуқларни акс эттирувчи «Ўзбекистон – умумий уйимиз» альбом китоби, «Ўзбекистон – бағрикенг диёр», «Ўзбекистон Конституцияси – буюк келажагимиз кафолати», «Мустақил Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ривожи» каби мақолалар тўпламлари чоп этилди.

Бугунги кунда Республика байналмилал маданият маркази мамлакатда яшаётган турли миллат вакилларининг маънавий-маърифий мулоқот масканига, ўзига хос дўстлик уйига айланган. Бу ерда мунтазам равишда халқ байрамлари, фестиваллар, барча миллат ардоғидаги ижодкорлар билан учрашувлар, семинарлар ва конференциялар ўтказиб келинади.

Марказ томонидан ҳар йили икки марта тил байрами ўтказилади. Булар – ЮНЕСКО Бош конференцияси 30-сессиясида (1999 йил) 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган ва 2000 йилдан 195 та аъзо давлатларда нишонланиб келинаётган «Халқаро она тили куни» ва Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун ҳисобланади. Айни муносабат билан ҳар йили анъанавий тарзда ўзбек тили бўйича нотиқлик санъати танловини ташкил этиб келинади.

Бугун республикадаги барча олий ўқув юртларида турли миллатга мансуб талабалар таҳсил олади. Дунёнинг камдан кам мамлакатларида кузатиладиган яна бир ҳолат шуки, Ўзбекистонда таълим 7 тилда олиб борилади. Булар сирасига ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, қозоқ, туркман, тожик ва қирғиз тилларини киритиш мумкин. Яна бир диққатга молик жиҳат – Республикадаги оммавий ахборот нашрлари ҳам турли тилларда чоп этилади, қардош халқлар тилида радио ва телекўрсатувлар тайёрланаётгани Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тарихдан маълумки, ўзбек халқи бошидан кечирган оғир қатағон йиллари ва иккинчи жаҳон уруши йиллари кўп ситамларга юзма-юз бўлган корейслар, немислар, турклар, поляклар, греклар, қрим-татар ва бошқа миллат вакиллари Ўзбекистонни Ватан тутдилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари учун эса Ўзбекистон она Ватанга айланди. Чунки, улар шу ерда туғилиб, камолга етдилар, ҳаётда ўз ўринларини топдилар.

Ўзбекистонда миллати, дини, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончи, бугунги кундаги ҳаёти ва тақдиридан мамнунлиги уларнинг миллий ғоя атрофида мустаҳкам бирлашиб, яъни бир ёқадан бош чиқариб, «Ўзбекистон – умумий уйимиз», «Шу азиз Ватан барчамизники», «Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда», «Мақсад бир, ғоя бир, Ватан ягона», «Ватан ягонадир – Ватан биттадир» ғояларининг асл моҳиятини чуқур англаб етган ҳолда шу муқаддас Ватанинг буюк келажагини қуриш ва унинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш йўлида фидойилик билан сидқидилдан қилаётган меҳнат фаолиятларида, турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларида ёрқин намоён бўлмоқда. Конституция орқали кафолатланган тенг ҳуқуқ ва кенг имкониятлар эса уларнинг кучига куч, қувватига қувват қўшиб, янгидан янги зафарлар сари илҳомлантирмоқда.

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.