Ҳар бир миллат ўз келажак авлодида комилликни кўришни орзу қилади. Ўзбек халқи ўз маданияти ва маънавиятида комил инсонлар тарбиясига алоҳида эътибор берган ва бундай комиллик дарғаларини етиштириш ҳар бир замонда муҳим саналган. Инсон камолотида эса жисмоний ва маънавий гўзаллик муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги кунда юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган 5 та ташаббуси илгари сурилди.
Бир сўз билан айтганда, 5 та ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ушбу 5 ташаббуснинг моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бирининг замирида чуқур ўйланган маъно ва мазмун борлигига гувоҳ бўламиз.
Биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид давлат дастури лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, мазкур давр мобайнида 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион нафар ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш бўйича ҳудудий “йўл харита”ларини тасдиқлаш кўзда тутилди. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш белгиланди. Янгидан қуриладиган, реконструкция ва капитал таъмирланадиган ҳамда жиҳозланадиган маданият марказлари манзилли рўйхати ҳам шакллантирилди.
Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқариш ижросини тизимли ташкил этиш, тўгарак ва синфларга қамраб олинган болаларни рағбатлантириш, жумладан, ҳар хил танловлар ўтказиш зарурлиги мақсад қилинди. Танловларда иқтидорли ёшларни қўллаб- қувватлаш, истеъдодини нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида кўрсата олиши назарда тутилди.
Ўзбекистон спорти миллий маданиятимизнинг узвий қисми ҳисобланади. У кенг халқ оммасини юксак ахлоқий руҳда тарбиялашда ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим воситалардан бири бўлиб қолди. Мамлакатимизда яшовчи халқлар асрлар давомида хилма-хил жисмоний машқлар ва миллий мусобақалар турларини яратдики, бу ўз навбатида ёшларнинг жисмоний ва маънавий тарбиясига жиддий таъсир кўрсатди.
Иккинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида яқин икки йилда ҳар бир туманда кичик спорт заллари қуриш белгиланди.
Президент мавжуд ва янги қуриладиган спорт иншоотларига аҳоли ва ёшларни кенгроқ жалб этиш, оммавий спорт тадбирларини ўтказишни кўпайтириш кераклигини таъкидлади. Олий таълим муассасаларида спорт майдончаларидан дарс ва дарсдан ташқари фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилган. Нафақат талабалар, балки ён-атрофдагиларни ҳам спорт билан шуғулланишига қўшимча шароитлар мавжуд.
Давлат томонидан, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб берилган. Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш, Вазирлар Маҳкамасига уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар манбасини аниқлаш вазифаси юклатилган. Тадбиркорларга спорт иншооатларини қуриш учун, Ўзмиллийбанк томонидан “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
Учинчи ташаббус. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замонда ёшларни интернет сайтларидаги аҳлоқ нормалари ва маънавиятимизга зид бўлган, шунингдек, ижтимоий-маънавий ҳаётимизга таҳдид солувчи ахборотлар оқимидан ҳимоялашда санъат, адабиёт, спортга бўлган меҳрини ошириш, уларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиш, ёт ғояларга нисбатан иммунитетни шакллантириш ҳозирги кунда ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиздир.
Инсоният янги тамаддунга қадам қўйганини ҳар нафасда ҳис қилмоқдамиз. Бутун дунёда қадриятлар алмашиши, интеграциялашув, глобаллашув, агар таъбир жоиз бўлса, маданиятлар аралашуви, синтезлашуви жараёни кечаётган ҳозирги пайтда ўзга урф-одатларга, маънавий тамойилларга мойил бўлиши табиий ҳол. Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш ниҳоятда замонавий қиёфага кирди. Интернет тармоғининг жадал ривожланиши жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Одамлар иш кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган бўлиб қолди.
Кўплаб тадқиқотчилар истилоҳларида кишилар онгини программалаштириш, ахборот экспансияси, маданий гегемонлик, маданий империализм каби иборалар қўлланмоқда. Ушбу жараён нафақат катталарга, ҳатто болалар психологиясига ҳам таъсир қилади. Фарзандларимиз жажжи маънавий дунёсини эгаллаш борасида турли ахборот расталаридан ташқари яна мафкуравий бозорларда ҳам “савдо” кетмоқда. Болалар онгу шу урини эгаллаш қуролларидан бири компьютердаги интернет тармоғи ҳисобланиб, у бошқа воситаларга қараганда етакчилик қилмоқда. Бугун компьютер технологиялари ҳаётимизда мустаҳкам ўринга эга, компьютер саводхонлиги кўрсаткичи эса кўп ҳолларда инсоннинг юқори савиясини белгилаб берадиган омилга айланиб бормоқда. Эндиликда компьютерда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутахассис дейиш қийин.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов сўзи билан айтганда, “агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шу аччиқ ҳақиқатни юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар қайси ота-она, энг муҳими, ҳар қайси йигит-қиз чуқур англаб олишини истардим”.
Тўртинчи ташаббус. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йилда 12 январда чиқарган фармойишида китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди, бунда Ўзбекистонда таълим берилаётган еттита тилда дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, ушбу муҳим соҳа ривожи билан боғлиқ аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бир қатор вазифаларни бажариш лозим. Аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилиши;
Чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими суст ривожланганлиги учун, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш;
Таълим ва маданият муассасалари учун китоб харид қилишга маблағлар етарли даражада мавжуд бўлган манбалар ҳисобидан жалб этилмаётганлиги, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирларни кўпайтириш тавсиялари берилган эди.
Миллий кутубхона таркибидан Республика йиғма электрон каталог маркази жой олган. Шу асосда мамлакатимизнинг электрон кутубхонага эга ҳар бир ахборот-кутубхона муассасасида қандай адабиётлар мавжудлигини билиб олиш имконини берадиган маълумотларни тақсимлаш базаси яратилмоқда.
Илм — нур, китоб — мўъжиза, мутолаа — ҳайрат. Шунинг учун бўлса керак, пойтахтимиз марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам илмга интилувчан ёшлар билан ҳар доим гавжум. Бу ерда ўтказиладиган турли маърифий тадбирлар улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир.
Бешинчи ташаббус. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон миллий университетида таълим ва илм-фан соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви мажлиси ҳамда Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар 21-сонли баёнининг 81-банди ижроси юзасидан 5 та муҳим ташаббуснинг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича Республика Олий таълим муассасаларида жорий этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббуснинг сўнггиси бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Барча олий таълим муассасаларининг талаба-ёшлари ҳаётида, уларнинг ўз истеъдодларини намоён этишлари ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишларида Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус улкан аҳамият касб этмоқда.
Жамиятимизда аёлларга бўлган ҳурмат ва эътибор кундан-кундан юксалиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, «Устоз-шогирд» анъаналари асосида хунармандчилик билан шуғулланишни ривожлантириш мақсадида Республика “Хунарманд» уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси Хотин-қизлар ўртасида хунармандчиликни ривожлантириш бўйича мутахассиси Жуманова Феруза ва хунармандлар билан Камолиддин Беҳзод номидаги Милий рассомлик ва дизайн институти Дизайн факультетида бўлиб ўтган учрашув бунга яна бир мисол бўла олади.