Наврўз (форсча – янги кун) – баҳор байрами ҳамда форс ва туркий халқларида янги йилнинг биринчи куни. „Наврўз“ сўзи форсчадан таржима қилинганда, „янги кун“ маъносини беради. Эрон, шунингдек, Марказий Осиё ва Кавказда Наврўз 21-март куни, Қозоғистонда эса, 22-мартда нишонланади.

Ўзбек халқининг алломаларидан бири Aбу Райҳон Беруний „Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар“ китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: «Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, — дейди. Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар „зиж“лари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган» дея изоҳлайди.

Қадим-қадимдан Наврўз холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхталган, гина-кудратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлашган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтишган.

Баҳор ва янги айём ҳар бир юракдан муҳим жой олган қувончли дамларда кўпчиликнинг “Наврўз қаерда ва қачон пайдо бўлган экан?“ – деган саволига “Саодат“ журналида еълон қилинган “Онақутининг саҳовати“ мақоласида бунга асосли жавоб берилган. Унда жумладан: «Дунёга илк алифбони берган буюк алломаларнинг ватани бўлган, дунёвий фанларга асос солган Хоразм юрти қадимда, ҳатто эрамиздан аввалги мингинчи йилларда Хвайразам деб аталган. Кейинги йилларда олиб борилган археологик ва этнографик изланишлар Наврўз байрами илк бор ҳудди шу заминда Нисо (яъни, аёл шаҳри пойтахти бўлмиш Парфиёна) грек ва Оврупа файласуфлари асарларида Парфияда нишонланганини ашёвий топилмалар тасдиқлади. Бунга Бургут қалъа, Жомбоқ қалъа ва Нисо қўрғонларида бунёд қилинган ва шу кунларгача сақланиб қолган “олов уй“лари яққол мисол бўла олади. Бургут қалъа марказида мовий гумбазли мақбара бўлган. Мақбара меҳробида Онақутининг кўтарилган қўлида Зумрад тош бўлган. Баҳорги тэнг кунликда-шамсий ҳисоб билан ҳамал ойининг биринчи куни, ҳозирги тақвимимиз бўйича 22-мартда мақбара гумбазидаги туйнукдан қуёш нури Онақути қўлидаги Зумрад тошига тушиб, сумалак пишириш учун тайёр турган қозоннинг ўтхонасига ўт ёққан», дейилган.

Aлишер Навоий “Тарихи мулки ажам“ (“Aжам шоҳлари тарихи“) асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлигини баён қилади. Навоий ёзишича: «Жамшид “Чиҳил минор“ номли одамзод кўрмаган ва ақл бовар қилмайдиган баланд бино қуриб… „бу иморат туганди, олам саломин ва ашров ва аҳбарин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқта эътиқодли рабийға тақвил қилиб эрди ул бинода тахт устига ўлтириб, адолат сайт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул кунининг отин наврўз қўйди“.

Дарҳақиқат, Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин бўлса-да, шуни айтиш мумкинки, бу байрам доно кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўзнинг дунёга келиши чуқур илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тэнглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ бўлган. Бу эса (ҳар қандай жамиятда) йил боши қачон келишидан қатъи назар наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Бундан ташқари, Наврўзнинг чуқур илдизларига мурожаат қилсак, у энг қадимий даврларда – ибтидоий одамларнинг деҳқончиликка ўтганидан сўнг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказилган баҳор байрамларига бориб тақалади.

Наврўз барча вилоятларнинг шаҳару-қишлоқларида, корхоналарида, илм-фан даргоҳларида ўзига хос тарзда кўтаринки кайфият ва ташаббус ила ўтказилади. Байрам куни турли хил мусобақалар, қариялар билан мулоқотлар бўлади. Баҳор кўкатларидан тайёрланган нозу неъматлар тортиқ этилади. Барча вилоятларнинг энг истеъдодли ва ёш хонандалари хизматда бўладилар.

Ҳозир 21-мартдан то 3-майгача барча кунларни Наврўз ойи деб байрам қилинади. Бу кунларда турли урф-одатларни эслаб, атроф-муҳит тозаланади, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари авж олади, ҳар хил мевали ва мевасиз ихота кўчатлари ўтқазилади, гуллар экилади, турли кўкатларни териб, витаминли таомлар, буғдой ундириб, сумалаклар пиширилади. Қариндош-уруғларни ёд олиб улар ҳолидан хабар олишга борилади, ота-боболарни, ўтган авлодларни хотирлаб, қабрларини зиёрат қиладилар. Беморларни Наврўз таомлари билан йўқлаб, кўнгил кўтарадилар ва шундан кейинги кунлардан дала ишларига киришиб кетадилар.

Мутахассисларнинг асосланган фикрларига кўра, Қуёш айни шу куни ҳаётбахш нурларини тик, яъни 90 даража бурчак ҳосил қилиб, сайёрамизнинг қоқ белига — экваторга йўналтиради. Шу дақиқаларда баҳорги кеча-кундуз тенглашади ва 22-мартдан бошлаб Қуёшнинг тик йўналган нури шимолий тропик чизиғи томон ҳаракатланади. Бу Наврўзнинг илк ва қутлуғ қадами бўлиб, табиатнинг жонланиши билан кишиларнинг хўжалик фаолияти ўртасида уйғунлик намоён бўлади. Жумладан, бобо деҳқон она ерга меҳр ишлов беришга киришади; табиат ўт-ўланлар, қир-адирларни гилам сингари яшил либосга бўяйди…

1991-йилдан кейин Наврўз умумхалқ байрами даражасига кўтарилди. Байрам бугун катта тайёргарлик билан қаршиланади. Ўзбекистон Президенти ҳар йили халқни Наврўз билан расман табриклайди.

Aдабиётшунос олим Наим Каримов назарида тарих чиғириқларидан қатъий назар Наврўз руҳи халқни тарк этмаган. “Наврўз байрами тиклангач билдикки, у билан боғлиқ қанча удумларимиз бор экан. Қанча қўшиқлар, қанча таомлар бор экан. Ҳатто биргаликда жўр бўлиб айтиладиган қўшиқларимиз бор экан. Қабристонга бориш, ўтганларни хотирлаш каби удумлари бор экан“, — дейди у.

Ўзбекистонда Наврўз 21-март куни нишонланади ва дам олиш куни ҳисобланади. Наврўз – яшнаш, яшариш байрами, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ янги куннинг бошланишидир. 21-март кеча ва кундуз тенглашган кун — Янги йил, яни Наврўз байрами сифатида Шарқ халқлари томонидан кенг нишонланади. У деҳқон учун экин-тикин ишларининг бошланиш палласи ҳисобланади.

Ота-боболаримиз, буви-момоларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимлар ўтказишган. Қадимда аждодларимиз Наврўз кунлари қишки манзиллари — қишлоқлардан ёзги меҳнат ва ҳордиқ масканлари -ёзлоқларга кўчиб ўтишган. Далаларда баҳорги экин-тикин ишлари бошланиб кетган. Деҳқонлар ерга қўш солишган. Жамоа-жамоа бўлиб, ҳашарлар уюштиришган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган. Оммавий равишда меъвали, манзарали дарахтлар ўтқазилган. Далаларда, ёзлоқларда Наврўз — янги йил, янги ҳаёт қайнаган. Aждодларимиз Наврўз байрамига атаб махсус кийимлар тикишган ва уларни кийиб, байрам қилишган. Наврўз таомлари ҳам ўзига хос бўлган. Улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш ананавий тусга кирган. Бу байрамда болаларнинг иштироки жуда фаол бўлган. Улар Наврўз байрамида турли оммавий байрам ўйинлари ўйнаганлар. От ўйин, чиллак, қўғирчоқ, тошўйин, лапар айтиш ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Болалар, ўсмирлар, ўспиринлар, бўй қизлар сумалак пишириш маросимида фаол иштирок этиш учун анча илгарироқ тайёргарлик кўришган.

Бу жараёнларда турли-туман халқ ўйинлари, баҳор қўшиқлари ижро этилган. Китобхонликлар, турли жисмоний тарбияга оид совринли ўйинлар, мусобақалар ташкил этилган. Кўпкари-улоқ, кураш ўйинлари, ҳайвон ва паррандалар (хўроз, ит, қўчқор) ни уриштириш, масхарабозлик, аскиябозлик, дор ўйинлари, турли хил халқ томошалари ўтказилган. Наврўз – меҳнат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик байрамидир. Бу кун марҳумларнинг қабрлари зиёрат қилинади. Кекса, ногирон, ёлғиз қариялар, ота-оналар йўқланади. Кишилар бир-бирларига совға-саломлар улашиб, ширинликлар ҳадя этишади. Наврўз — муҳаббат, севги, садоқат байрами. Наврўз муносабати билан никоҳ тўйлари ўтказилган. Йигит-қизлар бир-бирлари билан аҳду паймон қилишган. Янги тушган келин қўлидан чой ичиш мақсадида “келин кўрди“га борилган. Наврўз — дўстлик, биродарлик байрамидир. Ушбу кунни нафақат Шарқ халқлари, балки миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар, барча байрам қилади. Наврўз байрами Ўзбекистонда дам олиш куни, расмий байрам куни деб қабул қилинган. Уни ҳозиргача ҳам ёшлардан тортиб ёши кекса кишилар ҳам тантали тарзда кутиб олишади.

Наврўзнинг тансиқ таоми бўлган сумалакни халқимиз қадим замонлардан буён тайёрлаб келишган. Сумалак сўзининг маъноси ҳақида турли ривоятлар тўқилган. Бир ривоятда қайт этилишича, қадим замонларда бир камбағал аёлнинг ёш болалари бўлиб, қишдан зўр-базур чиқишади. Оч қолган болалари нон сўраб йиғлашади. Нима қиларини билмаган она болаларига»Бир пасгина ўйнаб туринглар, мен сизларга овқат пишириб бераман» деб қозонга сув солиб тагига ўт қалабди. Сўнгра далага чиқиб, ўтган йилги буғдойзордан буғдой томирларини, эндигина ниш ура бошлаган ҳар хил ўт-ўланларни териб келиб, яхшилаб ювибди-да, қозонга солибди. Ун халтасини қоқиштириб бир-икки каппа унни қозонга ташлаб, қайната бошлабди. Тун яримдан ошгандан сўнг чарчаб ухлаб қолибди. Шунда «си малак», яъни, ўттиз малак қозонни кавлаб, қозонга туз ташлаб пишириб қўйишади. Тонгда уйғонган болалар «Она бу овқатингизни номи нима?»деб сўрашибди. Она эса «Бу малойикларнинг каромати билан пишди. Унинг оти «Сималак»-дебди. Бу сўз кейинчалик «Сумалак» бўлиб кетган, деган нақл бор. Буюк тилшунос олим Маҳмуд Қошғарий ўзининиг «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони») китобида ёзишича:»Сума-ивитилган буғдой номи. Уни қуритиб туйилади. Сўнг ундан угра оши ва нон қилинади. Шарбат учун қилинган, ундирилган арпа учун ҳам бу сўз қўлланилади». Шунга кўра»сумалак»-ивитилган буғдой ёки арпа маъносини англатувчи қадимги туркий калом «сума»дан келиб чиққан дейиш мумкин.

Ҳалим (Ҳалиса) буғдой ва мол гўштидан тайёрланадиган қадимий миллий таомларимиздан бири. Ҳалим тайёрлаш учун қайроқи буғдой бир оз намланиб, ёғочда туйилиб, совуқ сувда ювилади, сўнг 5-6 соат давомида илиқ сувда ивитилади. Ўсимлик ёғи қиздирилган қозонда лўнда- лўнда тўғралган гўшт қовурилади, сўнг тайёрланган буғдой солиниб, дарҳол сув қуйилади ва 2-3 соат давомида паст оловда қайнатилади. Таомни тўхтовсиз ковлаб туриш лозим. Минг дардга даво бўлган миллий таомларимиздан бири.

Оставить комментарий

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.