Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Хотира ва қадрлаш – инсон ақл-заковатининг бетакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонларидир. Ҳомийлик, саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари, хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат ва шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди, фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.

Жанггоҳларда жон берган ватандошларимиз номлари муҳрланган «Хотира китоби» нинг зарҳал варақлари Ватаннинг фидойи ўғлонлари қисматидан шаҳодат беради. Мотамсаро она қиёфасида эса изтироб ва умид намоён. Бева-бечораю етим-есирлар, фарзанди йўлига кўз тиккан онаизорнинг умиду надоматлари мужассам шу биргина қиёфада.

Ушбу санани Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлай бошлаганимизга мана 22 йил бўлди. Мамалакатимизда ҳар йили кенг нишонланиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни тантаналари жорий йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги ПҚ-5081-сонли қарори билан Республикамиз миқиёсида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ушбу йилда 2-жаҳон уруши иштирокчиларига 12 млн. сўм миқдорида пул маблағлари берилиши белгилаб қўйилди. Ўтган йиллар мобайнида марҳумларни ёд этиш, кексалар, беморлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш нафақат ўзбеклар, балки юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элат вакиллари учун одат тусига кирди. Бинобарин, ўтганлар хотираси олдида таъзим бажо келтириш, инсонни тириклик чоғида қадрлашдек ҳаётий қарашлар эл-юртимизнинг қон-қонига сингиб бораётгани тарбиявий аҳамият касб этмоқда.

1941-1945 йиллардаги уруш фахрийларини ва фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга — ҳар ойда бепул тақдим этиш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган асосий турдаги озиқ-овқат ҳамда гигиена маҳсулотлари, зарур кийим-кечак ва поябзаллар рўйхати тасдиқланди. Бу озиқ-овқат, шунингдек, гигиена маҳсулотлари «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари орқали яшаш жойига ҳар ойнинг 15 санасигача, зарур кийим-кечак ва поябзаллар ҳар йили 1 октябрдан кечиктирилмай ва тўлов ундирмасдан етказиб бериш назарда тутилган.

Мамлакатимиз раҳбарияти 9 май санасини кенг нишонлашда узоқ ва яқин давлатларга ўрнак бўлаётир. Ҳеч шубҳасиз, бундай тадбирлар халқимиз томонидан жуда катта миннатдорлик билан қабул қилинмоқда. Масаланинг бошқа томони ҳам борки, уни эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Иккинчи жаҳон урушида фаол қатнашиб, фашизм балосини бартараф этишда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатган айрим мамлакатлардаги уруш қатнашчилари бугунга келиб баъзи сиёсий кучлар, калтабин давлат раҳбарларининг сиёсий ожизлиги туфайли камситилмоқда, таҳқирланмоқда, уларга «инсоният душмани» деган ёрлиқ ёпиштирилмоқда, ғалабани қўлга киритган оддий аскарга ўрнатилган ҳайкаллар бузиб ташланмоқда.

Ана шундай шароитда Ўзбекистон, ўзбек халқи анъанавий тинчликсевар сиёсатига содиқ қолмоқда. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб бир миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди.

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, пойтахтимизда бир вақтлар “Халқлар дўстлиги” деб номланган метро бекати, санъат саройи ва кенг майдонга шу атама, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага эса Шомаҳмудовлар номи кайтарилиши, ўзбек халқининг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён қилмоқда. Ҳозирги кунда бу майдонда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Хотира ва қадрлаш тушунчалари тобора теран аҳамият касб этаётганининг яна бир сабаби шундаки, инсонга меҳр кўрсатиш, уни улуғлаш, қадрлаш ва эъзозлашга қаратилган ушбу аъмоллар бизни глобаллашаётган ва тез ўзгариб бораётган мураккаб давримизнинг турли таҳдидларга нисбатан сезгир ва ҳушёр бўлишга, кечаги кун жароҳатларидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу борада, айниқса, буюк келажак эгалари — навқирон авлод зиммасидаги масъулият ғоят каттадир.

Энг муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Тарихдан сабоқ чиқариб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламай, миллий ўзликни англаган ҳолда, музаффар аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлоди эканимизни англаб яшаяпмиз.

Шу нуқтаи назардан, бу ёруғ ва дориломон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўтабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ҳамда осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

Мамлакатимизда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини янада кўтаринки тарзда қарши олишга юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Ғалаба боғини яратиш, Шон-шараф музейини ташкил этиш учун жуда катта ишчи кучи сафарбар қилинди, керакли мутхассислар жалб этилди. Ва бу ишчи гуруҳи ўз олдига қўйилган вазифани матонат ила адо этмоқда.

Хотира ва қадрлаш. Мана шу икки сўзда мен ўзлигимизни, миллатимиз қиёфасини кўраман. Негаки, ўзбек халқи ҳамиша аждодлари хотирасига садоқатли, кексаю ёшга меҳру оқибатли бўлиб келган. Бу улуғ қадриятга ҳамиша амал қилинган. Аслида хотира ва қадрлашни бир-биридан айро тасаввур этиш мушкул. Чунки эл-улус орасида, яқинлари бағрида қадр топган инсонгина бу дунёни тарк этганида ҳам меҳр ила ёдга олинади, авлодлар хотирасида ёрқин асралади, тирикликдаги эзгу-амаллари тилдан тилга ўтади, авлодларда давом этади. Айниқса, Ватан озодлиги, миллат ҳурлиги, эл тинчлиги ва осойишталиги йўлида сарф этилган умр, бахшида этилган жон миллат юрагига муҳрланади. Бундай умрлар мангуликка ҳамнафасдир.

Хонадонларимизда амалга ошириладиган бир ананага кўп бор гувоҳ бўлганман. Яъни, яқинларимизнинг оламдан ўтганига неча йил бўлмасин, ҳар йили ўша куни яқин-йироқдагилар йиғилишиб, уларни яхши хотиралар билан эсга олиш ўзлигимизга хос эзгу амаллардандир. Давлатимиз томонидан 9 май санасининг Хотира ва қадрлаш куни деб, эълон қилиниши эса, бу қадриятни янада юксак миқёсга олиб чиқди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, фронт орти заҳматкашлари ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиш, асрларга туташ хотираларидан баҳраманд бўлиш, ўгит ва насиҳатларига қулоқ тутиш, умр йўлларидан ўрнак олиш барчамиз учун зарур амаллардан биридир. Негаки, қариялари қадрланган элнинг қадри баланд, келажаги нурли. Негаки, Ватан янглиғ тенгсиз масканнинг ҳар осуда лаҳзасини нафақат олмос билаклар, нуронийларнинг нурли дуолари ҳам асраб туради.

Хотира ва қадрлаш куни авлод-аждодларимизнинг сўнги манзили бўлган қабристонларни обод қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан ҳам эътиборга моликдир. Турли сабаблар ила яқинларининг қабрини зиёрат қилишга имкон тополмаганлар учун-да, муҳим фурсатдир, бу сана. Шу кун қабристонларни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш асносида, ўтганлар хотираси ёдга олинади. Хотира азиз, қадр муқаддас, деганларидек, бундай улуғ кунлар муаззам қадриятлар бардавомлигидан далолат.

Оставить комментарий

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.