2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниб, бу борадаги устувор мақсадлар белгиланди. Юртимизда аввалдан шаклланган илмий мактаблар салоҳиятини ҳисобга олиб, ҳозирги босқичдаги миллий манфаатларимиз ва тараққиётимиз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, бу йил математика, кимё, биология, геология фан ва соҳаларини ривожлантириш танлаб олинди.
Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартидир. Сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида аҳамият қаратди: “Шарқ донишмандлари айтганидек,“Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.
Хаёт абадий, аммо у ёш авлод билан бархаёт. Авлод бор экан, унга таълим ва тарбия берадиган мехри дарё устозлар ҳам абадий бархаёт яшайверади. Устоз бамисоли боғбон. Устоз- йўл кўрсатувчи эркин юлдуз. Мураббий, бу- ахлоқ одоб, инсонийлик бўйича таълим ва тарбия берувчидир. У ёш авлодга илм фан асосларини ўргатади, уларга таълим тарбия беради, замонамизнинг ҳар томонлама баркамол кишиларни етиштиради. Устоз – мураббий, ўқувчи – шогирд учун мисоли кўзгу, ўқувчи ўша кўзгуга боқиб ўз аксини кўради ва қиёфасини тўғирлаб боради.
Президентимиз томонидан ёш авлодни юксак ахлоқ ва маънавият соҳиби этиб камолга етказиш, уларга энг замонавий билим ва касб-ҳунар ўргатиш масаласига устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда. Президентимизнинг “Дунёда энг катта бойлик ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир” деганлар. Бу фикрларининг мазмун-моҳияти ёшлар онгида Ватанга муҳаббат, кекса авлод вакилларига ҳурмат, тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, яратилаётган имконият-ларнинг қадрига етиш, уларга муносиблик туйғусини кучайтиришдир
Юсуф Хос Ҳожибнинг билим эгаллашнинг зарурлиги ҳақидаги ушбу мисралари. Инсон камолотида илм эгаллаш улкан фазилатлардан бири ҳисобланади. Юсуф Хос Ҳожиб ўз ижодида билимни юксак баҳолайди. Шоир билимни бойлик, кишан, кийим, емиш каби нарса, ҳодисаларга қиёслайди. Дарҳақиқат, билим – бойлик. Чунки уни қанча сарфласак, шунча кўпайиб, сайқалланиб боради. Қанча кўп билганимиз сари, шунча кам билишимизни ҳис этиб, билим уммонидан баҳраманд бўлишни истаймиз ва натижада, ўрганишга интиламиз. Билим – кишан, яъни тўғри билим олган киши залолатга олиб бориши мумкин бўлган нарсалардан нафсини тияди.
Билим озуқадир. Ақл ва қалб у билан озиқланади. Билим муваффаққият. Билимсизлик эса мағлубиятдир. Билим жасоратдир. Билимли киши муаммоларни жасорат билан енгади. Билим дурбинга ўхшайди. Чигал масалаларни у ҳал этади. Тўсиқ ғовлар устидан унинг ёрдамида ошиб ўтамиз. Билим нурдир. Йўлимизни у билан ёритамиз. Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир. Билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни қилган бўлади. Жоҳил кишининг тик тура олмайдиган қопдан фарқи йўқ. Саъдий билимсизликни уруш довулига ўхшатади. Овози баланд ичи эса бўш. Гўзал тушунчалар, билим жавҳарлари билан тўлдирилмаган зеҳн сандиқ фойдасиз ва зарарли нарсалар билан тўлади. Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади. Фалокатларнинг устидан билим билан устун келиш мумкин. Ҳожи Бектош Валийнинг ифодасига кўра «Билимсизлик билан кетилган йўлнинг охири ҳайрли бўлмайди». Ғалаба қозониш, муваффаққиятга эришиш, юксалишни хоҳлаганлар илмни маҳкам ушлайдилар. Ўрганиш шавқида ёниб куймаганларга эса «Дунёни истаган илм ўргансин. Охиратни истаган ҳам илм ўргансин», деб буюрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билимнинг аҳамиятини нақадар ажойиб тушунтирганлар.
Илм ўрганиш фақат мактабга хос эмас. Мактаб инсонга калит беради. У калит билан илм хазиналарини инсоннинг ўзи очади. Нима қилса ўзининг ғайрати билан амалга оширади. Мактабни битирар битирмас китоб дафтарни бир бурчакка улоқтириш катта хатодир. Ҳолбуки, илм олишнинг на ёши, на вақти, на жойи бор. Ҳар ёшда, ҳар ерда, ҳамма вақт ўрганилади, илм энг катта сармоядир, инсон ҳар ёшда, ҳар ерда ва ҳар вақт сармоясини кўпайтиришни истайди. Баъзи қийинчиликларни бошингиздан ўтказасиз, аммо унутманг: Ҳар қандай қийматли нарса осонлик билан қўлга киритилмайди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, мактабларнинг моддий техника базасини ривожлантириш, уларни илмий методик жиҳатдан таъминлаш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда мактаб ишлари юксак суръатлар билан ривожланмоқда.
Мактаб – инсон камолоти шаклланадиган муқаддас даргоҳ. Ҳар бир инсон борки, мактаб остонасига қадам қўяр экан, ўзининг энг беғубор, энг самимий, энг гўзал даврларини ёдга олади. Биз педагогларнинг асосий вазифамиз -келажакни яратувчи билимли, Ватанимиз ишонадиган, диёримиз шаънини улуғлайдиган фарзандларимизг билим бериш ва тарбиялашдир.
Ўзимизга ишонайлик ва вазифани шавқ билан зиммамизга олайлик. Доҳийларчалик бўлмаса-да, ўзимизда мавжуд имкониятларни энг юқори даражада бир нуқтага йўналтира олсак, ўқиётган китобимизни янада яхши тушунганимизни, ишимизни янада аълороқ бажарганимизни кўрамиз. Зеҳнимизнинг чархланиши учун шу нарса шартдир. Инсон ўзини нимага бағишласа, ўша нарса доирасида шаклланишини ёдимиздан чиқармайлик.