Бугунги кунда, Марказий Осиё алоҳида геосиёсий ҳудуд ва унда Ўзбекистон фаол субъектдир. Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан минтақавий мулоқот янги даврда қайта жонлантирилди. Остонадаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи Маслаҳат учрашуви ҳам айнан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаол ташаббуси ортидан ўтказилганди. Айнан, мана шундай учрашувга замин тайёрлаш учун ҳам Шавкат Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилидаёқ барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Марказий Осиё минтақавий мулоқоти формати ва минтақавий ташаббусларнинг қоқ марказида турибди.
Жорий йил 6 август куни Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида ҳам Ўзбекистон томони ўзининг бир қатор ташаббусларини илгари сурди. Прагматик ташқи сиёсат ва дўстона муҳитнинг яратилиши ортидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси сўнгги йилларда сезиларли равишда йиллик 50 фоиздан кўпроққа ўсди. 2020 йил натижаларига кўра глобал пандемия шароитига қарамай, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 5 млрд долларни ташкил қилди. Умуман, минтақа давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар соғломлашиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, Туркманистондаги учрашувда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бу таклиф Ўзбекистон олиб бораётган иқтисодий дипломатиянинг ҳам бир таркибий қисмидир.
Маълумки, ҳозирги даврда Жанубий Осиё ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида долзарб аҳамиятга эга. Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистон минтақани Жанубий Осиё билан боғлаш йўлида самарали ишларни олиб бормоқда. Жорий йил 15-16 июль кунлари Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкентда ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бунинг ёрқин мисолидир. Жанубий Осиё бандаргоҳлари орқали жаҳон денгиз йўлларига чиқиш истиқболи Ўзбекистон, шунингдек, бутун Марказий Осиё давлатларининг азалий орзусини амалга ошишини таъминлайди ва бу омил минтақа давлатлари иқтисодиётини гуркираб ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Буни чуқур англаган Ўзбекистон бу йўналишда ҳам прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда.
Ушбу лойиҳани амалга ошишида Покистон томонининг ҳам салмоқли ролини ҳисобга олган Тошкент Исломобод билан доимий алоқалар олиб бормоқда. Биргина, 2021 йил таҳлил қилинса, ўзаро бир нечта юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, 2021 йил 10 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов амалий ташриф билан Покистонга борди. Шунингдек, 15 июль куни Покистон бош вазири Имрон Хон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бундан ташқари, 25 август куни Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурайший Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу учрашувларнинг барчасида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари билан биргаликда “Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўл лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди.
Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашда самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш муҳим аҳамият касб этади. «Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўл тармоғи эса минтақаларни боғловчи асосий транспорт йўли лойиҳасидир. Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши нафақат Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий жиҳатдан фойдали, балки Жанубий Осиё давлатлари ҳам ушбу транзит орқали энг қисқа масофа билан МДҲ давлатлари йўналиши билан Европага боғланиши мумкин. Шунингдек, ушбу темирйўл Хитой ва у илгари сураётган «Бир Макон, Бир Йўл» (One Belt, One Road) лойиҳаси манфаатларига ҳам мос тушади. Яъни «Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўл лойиҳаси «Бир Макон Бир Йўл» нинг жанубий қисми билан бир йўналишда жойлашади.
Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича фаол прагматик ташқи сиёсати
Бугунги кунда Ўзбекистон қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик жараёнларини янги босқичга кўтариш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка қаратилган сиёсий музокараларга барча афғон сиёсий кучларини жалб этиш ҳамда Афғонистондаги вазиятга дахлдор барча ташқи кучлар ўртасида геосиёсий консенсусни таъминлаш жараёнларида фаол иштирок этиш орқали минтақа янги геосиёсий тенденцияларида сезиларли роль ўйнамоқда. Ўзбекистонинг Афғонистон йўналишидаги ташқи сиёсати уни минтақадаги ўрни ва аҳамиятини оширибгина қолмай, Афғонистон тинчлик музокараларига доир конструктив ва янги парадигмаларни ишлаб чиқиш жараёнларига муҳим туртки бериши мумкин.
Ўзбекистон афғонлараро, минтақавий ва глобал даражада афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган ташқи сиёсий фаолият олиб бормоқда.
Афғонлараро даражада Ўзбекистон нафақат Афғонистон ҳукумати, балки «Толибон» ҳаракати ва бошқа афғон этносиёсий вакиллари билан тенг алоқаларни йўлга қўйди. Хусусан, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантириш мақсадида Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, 2017 йил 23-24 январь кунлари Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Афғонистонда бўлди. Айнан ушбу ташриф ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш жараёнида дастлабки қадамга айланди. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида олий даражада учрашувлар ҳам ўтказилиб, бу айниқса, Афғонистон собиқ Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил 4-6 декабрь саналарида Ўзбекистонга уюштирган расмий ташрифи давомида ўз ифодасини топди. Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти ва турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Шунингдек, 2019 йил 31 март санасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Виктор Маҳмудов ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистонга ташриф буюриб, Президент Ашраф Ғани билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон томони Афғонистон тинчлик жараёнининг ҳар қандай шаклига мезбонлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва мухолифатдаги асосий сиёсий куч сифатида эътироф этилган «Толибон» ҳаракати ўртасида олдиндан шарт қўймасдан тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш зарурлигини қўллаб-қувватлаб келди, Ўз навбатида, афғонистонликларнинг розилиги асосида бундай тинчлик музокаралари учун исталган вақтда мулоқот майдони бўлишга тайёрлигини ҳам маълум қилди. Энг асосийси, Ўзбекистон «Толибон» ҳаракатининг сиёсий маҳкамаси вакиллари билан тегишли алоқалар ўрнатиб, уларни афғонлараро тинчлик музокараларида иштирок этишга даъват қилиб келди. Жумладан, 2018 йил 7-10- август кунлари ҳаракатнинг Доҳа шаҳридаги жойлашган сиёсий идораси собиқ раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станекзай бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди. Эътиборли жиҳати шундаки, музокаралар масаласида «Толибон» ҳаракати Афғонистонга чегарадош ҳудудлар орасидан ўз минтақавий иштирокини айнан Тошкентдан бошлагани ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистон тинчлик жараёнларидаги минтақавий нуфузини белгилаб беради. Шу нуқтаи назардан, Афғонистонда Толибон ҳокимиятининг ўрнатилиши (2021 йил 15 август) Афғонистон масаласида Ўзбекистон дипломатиясининг нечоғлик чуқур ўйлангани ва стратегик танловга асосланган эканлигини кўрсатиб берди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида Афғонистон омили минтақавий миқёсда консенсусга эришишни тақозо этади, Расмий Тошкент Афғонистон муаммосини ҳал этишда катта таъсир кўрсатувчи минтақанинг кўзга кўринган акторлари – Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Туркия сингари куч марказлари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан турли даражаларда музокаралар олиб борди ва жараёнлар давом этиб келмоқда.