Халқимизда “Устоз – отангдек улуғ”, деган ҳикмат бор. Ҳа, отадай улуғ деб нисбат берилувчи инсон, бу – устоздир. Зеро, ота-она фарзандни вояга етказади, устоз эса униб-ўсиши, камолатга эришиши, илм-маърифат чўққиларини забт этишига кўмаклашади. Ўз умри, қалб қўри, ақл-идроки, тажрибаси ва билимини сарф этади.
Ўқитувчи зиммасига ҳаёт талабларига тўла жавоб берадиган ва ўз замонига муносиб кишиларни тарбиялашдек маъсулиятли вазифа юклатилган. Қуёш ўз нури билан бутун табиат, борлиқни жонлантиргани каби, ўқитувчи, мураббий ҳам бор маҳорати, илми билан ўқувчи-ёшлар қалбини илм зиёси билан тўлдиришга аҳд қилган буюк касб эгасидир. Ҳаёт гўзаллиги, турмуш фаровонлиги, инсонлар одоблилиги, қолаверса, истиқболимиз муаллим меҳнати билан бевосита боғлиқ.
Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деб ёзган эди.
Устоз, мураббий, ўқитувчи – бу сўзларни эшитганимиз сари кўз олдимизда маъсулиятли касб эгалари, йиллар давомида ўқувчиларга билим бериб кўзидан нури кетган, сочларига оқ оралаган инсонлар гавдаланади. Шунинг учун бўлса керак, бу касб эгаларини бошқача ҳурмат қилишади, эъзозлашади.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Халқимиз устозларни эъзозлаб:
“Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, – дейди. Ҳа, жуда ҳам тўғри фикр. Муаллим – устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир. Устоз ва мураббий! Биз барчамиз ёшимиз, касбу коримиздан қатъий назар, бу сўзларни эшитганимизда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади. Шу тобда кўз ўнгимизда қўлимизга қалам тутқазиб, эндигина илм оламига етаклаган биринчи устоз-муаллим, қийналиб турганимизда масаланинг тугунини ечишга ёрдам қилган, биргина шу амали билан умр бўйи ёдимизда қолган киши гавдаланади. Қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида кечган беғубор йилларимизни, бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз.
СИЁСАТ. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган 2020 йилда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан юртимиздаги барча муҳтарам устоз ва мураббийларга йўллаган табригидаги сўзлардан иқтибослар келтирилди.
…Бугун сиз, азизлар билан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами арафасида учрашиб турганимдан бахтиёрман.
… Улуғ шоиримиз мавлоно Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлаганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.
Мен бугун билдирадиган фикрларни, аввало, ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишингизни истардим.
… Буюк давлат арбоби Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлигини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шунинг учун жорий йилда қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб қизларимиз олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқишлари учун 940 та ўрин ажратдик.
Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имконият яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу, ўз навбатида, ёш қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини бундан кейин ҳам янада кўпайтириб борамиз.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор.
Қаранг, бу фикрлар милоддан аввал айтилган. Демак, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаган даврдан буён таълим ва тарбия масаласи, доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.
Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?
… Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.
… Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди.
“Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.
Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.
Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар.
Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур.
Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.
…. Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар.
Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар миллий уйғониш ва миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турдилар. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этдилар.
Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди.
Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Биргина мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Бу йил таваллудининг 145 йиллиги нишонланаётган улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз вақтида биз учун икки эмас, тўрт тилни билиш зарур, деб бонг урган эди. Беҳбудий бобомизнинг ушбу даъвати ҳозир ҳам ғоят долзарб бўлиб турибди.
Қадрли муаллимлар, мен бугун Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан бир гуруҳ ватандошларимизни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Ана шундай юртдошларимиз орасида Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганини сизларга ва бутун элимизга мамнуният билан айтмоқчиман.
… “Оққан дарё – оқаверади”, дейди доно халқимиз. Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд, дейишга тўла асосларимиз бор. Ҳамма гап ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона фойдалана олишимизга боғлиқ.
Бу фикрларга бир мисол келтирмоқчиман.
Биласизлар, Қоракўл туманида ҳаммамизга маълум бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев номини ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, ушбу мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас эди.
Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти.
Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик.
Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди.
Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!
Бундай улкан натижага эришиш учун албатта ўзига хос ўқитиш тизими бўлиши керак. Айни вақтда бундай ютуқлар замирида инсоннинг ўз касбига, Ватанига меҳри ва садоқати, юксак масъулият туйғуси мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мана шу мактабда Тўхтамурод ака бошчилигида ҳар бир ўқитувчи шогирдларини ўз боласидай кўрган, бу ерда чинакам ижодий мусобақа муҳити шаклланган ва бу ишлар бугун ўзининг муносиб натижасини бермоқда.
Моҳир педагог Тўхтамурод Жумаев таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президент Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирландилар.
… Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.
Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.
Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар.
… Айнан мактабгача таълим соҳасига бўлган эътибор мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади.
Бугун йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилмоқда. Қисқа вақт, яъни тўрт йил ичида республикамизда боғчалар сони 3 баробар ошиб (5 минг 200 тадан 14 минг 200 тага), болаларни қамраб олиш даражаси 28 фоиздан 54 фоизга етгани ана шундай амалий ҳаракатларимиз натижасидир.
Соҳага давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиши туфайли 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7 минг 400 та хусусий боғча ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун 1 триллион 850 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиб, 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган. “Устоз ота каби улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган. Энди ана шу сўзларни қоғозда эмас, амалда қарор топтирадиган, ўқитувчи-муаллимнинг қадр-қимматини жойига қўядиган пайт келди.
…. Жамиятда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор туфайли қарийб 15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, ҳали бу борада кўзланган натижага эришганимиз йўқ. Ҳозирги кунда ҳам халқ таълимидаги педагогларнинг қарийб 70 фоизини аёл ўқитувчилар ташкил этмоқда.
Албатта, ҳаммамиз мактаб даврини эслаганимизда, кўз олдимизга аввало, талабчан ва меҳрибон синф раҳбаримиз келади. Нима учун? Чунки, мактабдаги ҳар бир қадамимиз мана шу азиз ва олижаноб инсонларнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида бўлган. Ҳаётга илк йўлланмани ҳам бизга мана шу устозларимиз берган.
Шу сабабли биз синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш чорасини кўряпмиз. Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади.
Ўрни келганда айтмоқчиманки, мен бугун имзолаган Фармон билан биринчи марта 14 нафар синф раҳбари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.
Ўқитувчиларнинг доимий ва узлуксиз психологик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги қошидаги ҳудудий малака ошириш институтларида синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш керак.
Бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг қадди, шаъни ва ғурури тикланаётгани барчамизни қувонтиради.
… Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
… Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қатъий белгилаш лозим.
… Ўқитувчилар ишини енгиллаштириш ва уларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланиш учун келгуси йилда таълимни рақамлаштириш ишларини якунлаб, “Онлайн мактаб”, “Рақамли ва хавфсиз мактаб”, “Электрон дарслик”, “Электрон кундалик” каби тизимлар жорий этилади. 2020 йил охиригача мактабларни кенг полосали Интернет тармоғига улаш даражаси 70 фоизга етказилади. Келгусида барча мактаблар 100 фоиз Интернет билан таъминланади ва бунинг учун Давлат бюджети маблағлари йўналтирилади.