Тарбия –шахс онгини жамиятнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда таркиб топтириш ва ривожлантириш жараёни. Тарбия шахснинг индивидуал тараққиёти, ахлоқий, ақлий, эстетик, маънавий, ахлоқий, ақлий, эстетик, маънавий, жисмоний камолотида етакчи рол ўйнайди.

“Халқнинг ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши, заиф бўлиб хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, бахцизлик юкини тортиб эътибордан қолиши, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбияларига боғлиқ. Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайди, сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам муҳитнинг одоб-ахлоқини қабул қиладилар”

Абдурауф Фитрат

Бошқачароқ айтганда, тарбия кишиларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишга қаратилган барча таъсирлар мажмуи. Буюк маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний айтганидек,  “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,ё саодат – ё фалокат масаласидир”.

Шундай экан, бугун биз бир қатор турли хусусиятларга бой даврда яшаётган эканмиз, ёшларимиз тарбиясига таъсир этадиган эементларни англаб олишимиз жуда зарур. Аввало, таъсирлар – оилада, таълим муассасаларида, ижтимоий, сиёсий, нодавлат ташкилотларида, ОАВ орқали, ижтимоий тармоқлар, радио телевидение орқали бўлиб, у тарбияга кучли таъсирини ўтказмоқда.

Тарбия – жиддий, узоқ муддатли, хатто доимий мураккаб жараён. Муайян одоб доирасида бўлиш, яхши одатларга ўрганиш, яхши ном қолдиришга интилиш инсониятга хос хусусиятлардир. Оддий кўринган одобсизликдан улкан ижтимоий иллат туўилиши ҳеч гапмас. Одобли бўлиш одамдан ортиқча нарса талаб қилмайди, лекин ундан кўп нарса топади.

Инсон ҳаётининг ҳар бир даври учун ўзига хос тарбиявий босқичлари бўлади. Масалан, болани энди тили чиқа бошлаган пайтиданоқ салом беришга ўргатилмай қолса, у ёши улғайганда ҳам саломнинг моҳиятига етиб бормайди, ҳатто берилган саломларни ҳам жавобсиз қолдиради. Муайян ёшдан ўтгандан сўнг одамга энг оддий бўлган саломлашиш одобини ўргатиш ҳам қийин кечади. Болада қайсики бир одоб-ахлоқ мезони маромига етмаган бўлса, бу борада шу одамда бўшлиқ пайдо бўлиб, у бир умр ўзининг кемтиклигини намоён этади.

Тарбия –таълим билан узвий боғланган, бир-биридан ажратиб бўлмайди. Яъни таълим – тарбиянинг муҳим воситаси бўлиб, кўп мақсад ва вазифалар у орқали амалга оширилади. Чунки, илм жаҳолатга қарши курашувчи энг асосий воситадир. У онгсизликни йўққа чиқариб, кишини тафаккур гулшани сари етаклайди. Шу сабабдан ҳам Қозизода Румий шундай деганлар: “Бир далил билан қирқ олимни енгдим, лекин қирқ далил билан бир илмсиз, нодонни енголмадим.” Демак, илмсизлик жамият ҳаётида энг ёмон иллатларни шаклланшига олиб келувчи салби ҳодиса.

Шу сабабдан аждодларимиздан қолган бой маънавий меросларимизда тарбия масаласи асосий ўрин эгаллайди ва унда илмга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, халқимиз тарихидаги энг қадимги ёзма манба ҳисобланган “Авесто” китобида ёшлар тарбиясига, уларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатларининг шаклланишига, меҳнат тарбиясига, атрофдагиларга бўлган қарашларда инсоний фазилатлар устун бўлишига алоҳида эътибор қаратганлар. Уларни ҳаётга тайёрлашда  маънан юксак кишилар бўлиб етишлари учун гўзал хислатлар шаклланишига ҳаракат қилганлар. Уларга қўйилган юксак талаб: “Эзгу фикр”, “эзгу сўз” ва “эзгу амал” дан иборат бўлган. Яъни, ҳар бир кишида шундай хислатлар бўлишига ҳаракат қилганлар.

Зеро, биз тарихимизга бир назар ташлар эканмиз илк ўйғониш даврида етишиб чиққан алломаларимиз ижодида, жумладан,  Форобий, Абу Али ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Фарғоний каби буюк қомусий олимлар асарларида, уларнинг илмий-назарий таълимотларида таълим-тарбия масалаларига кенг ўрин берилганига, чунончи, тарбия муаммоларига жаҳон маданияти мезонлари билан ёндашилганига гувоҳ бўламиз. Аллома Абу Наср  Форобий (873-950)нинг “Фозил одамлар шаҳри”, “Бахт-саодатга эришиш ҳақида кўрсатмалар”, “Бахт-саодатга эришиш ҳақида”, “Фуқаролик сиёсати”, “Давлат арбобининг афоризмлари” каби асарларида жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида фалсафий таълимот ўз ифодасини топган. Унинг фикрича, инсон жамоалари ва жамият кишиларнинг яшаши ва камолотга эришиши учун зарур бўлган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун интилишлари натижасида келиб чиққан. Форобий ижодида   “Фазилациз шаҳарлар” ҳақида тушунча ишлатилган. Унга кўра: “Фазилациз шаҳарларнинг одамлари ёмон феъллари,  табиатлари туфайли кўнгиллари, руҳлари ҳам ёмонлашиб бораверади. Мабодо, улар анашу ёмон ишларида изчил саъй-ҳаракат, таборо куч ғайрат кўрсатса, уларнинг руҳлари янада кўпроқ ёмонлашади ва охири майиб-мажруҳ бўлиб қолади. Шу туфайли улар ўзларига ёқадиган ёмон ишлардан ҳузур-ҳаловат оладилар” дейилади.

У кишининг ижодида “Зарурий эҳтиёжлар шаҳри” деган тушунча ҳам мавжуд. Унга кўра: “Зарурий эҳтиёжлар шаҳри ҳам бўлиб, бундай жамоа аъзолари фақат бадан учун зарур бўлган нарсалар: озиқ-овқат, ичимлик, кийим-кечак, тураржой, жинсий алоқа ҳамда шуларга эришиш учунбир-бирларига ёрдам беришда миннат билан чекланган одамлардир.”

“Инсон яхши тарбия кўрмаган ва тажриба орттирмаган бўлса, у кўп нарсаларни  назарга илмайди ва улардан жирканади. Бундай нарсалар унга ноўрин кўринади… У билим ва тажрибага эга бўлгандан сўнг фикри ўзгаради, но ўрин бўлиб кўринган нарсалар зарурий бўлиб чиқади.” дейди Форобий.

Дунё илмий тамаддунига улкан ҳисса қўшган  Абу Райҳон Беруний киши илм олмоқчи ва унинг соҳибига айланиб халосга етмоқчи бўлса у ёмонликдан тийилиши  орқали вужудга келади, деб айтади. “Ёмонликнинг шохобчалари кўп бўлса ҳам уларнинг асоси тама, ғазаб ва илмсизликдир. Шу асослар қирқилса, шохобчалар сўлади; у асосан иштаҳа ва ғазаб қувватларининг йўлбошчилигидан келиб чиқади. Бу икки қувват инсонга энг кучли ва энг ҳалокатли душман бўлиб, улар инсонни овқатлардаги лаззат ва ўч олишдаги роҳат билан алқайдилар. … Уларга берилган инсон, йиртқич ва тўрт оёқли ҳайвонларга, ҳатто шайтон ва иблисларга ўхшаб қолади.”

Тарбияда киши танидаги моддийлик ва руҳият мутаносиблиги муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабабдан Шарқ фалсафасининг муҳим қарашлардан бири инсон ва инсон жисмидаги моддийлик ва руҳийликнинг мутаносиблигидир. Агар кишидаги ана шу муттаносиблик бўзилиб моддийликка бўлган интилиш кучайса у ҳолда киши нафс балосига қул бўлади ва у ҳар қандай нарсадан тапгортмайдиган, моддийликни – бойликни устун қўядиган кишига айланиб, Хожа Аҳмад Яссавий айтганларидек «шайтон билан ҳамроҳ бўлур». Ўз ўрнида Беруний «Минерология» китобида ҳам нафс ҳақида шундай дейди: «Инсонга энг яқин нарса унинг нафсидир. Шу нафс, энг аввало, ўзига яхшилнк килишга, кейин эса ўз розилиги билан теварагидаги энг яқинларига яхшилнк қилишларига интилиши керак. У ташки кўриниши ясама шуҳрат, сунъий обрў  учун мурувват ва футувват кўрсатмасин».

Нафс балоси киши кўзини кўр, қалбини ожиз қилиб унинг ўзини тубсиз жарликка улоқтириши мумкин.

Аллома нафс балосига йўлиққан кишиларни одоб- ахлоқ китобларига ошно қилиш билан даволаш мумкин, деган хулоса қилиб айтади: «Ахлоқдаги ва одобдаги нафс гўзаллигига келсак, инсон уни ёмонликдан мақталишгача кўтаришга қодир, бу [албагга] нафсни тоза тутишга, уни руҳий тиббиёт йўли билан даволашга, ёмонлик ҳолдаги асоратини аста-секин ахлоқ китобларида айтилган усуллар билан кетказиш мумкин».

Шу ўринда олимнинг султон Масъуд билан бўлган муносабатлари ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмоқ, жоиздир. Зора бу мисол айрим ёшларимизга ўрнак бўлиб, ундан хулосалар чиқаришса.  Чунки бу воқелик илмнинг нақадар устун эканлигидан ва олим инсониятнинг бир шахси сифатида бойлик қулига айланиб қолмаганлигидан далолат беради.

Султон Масъуд билан Беруний ўртасида ҳар доим илмнинг қизғин саҳифалари устида баҳс борар эди. Бир кун султон аллома билан кеча ва кундузнинг ўзун-қисқа бўлиш сабаблари устида суҳбатлашар экан, олимдан бу масалани аниқроқ қилиб тушунтириб беришни сўрайди. У осмон жисмлари ҳақидаги фан – астрономияни севар эди, шунингдек жуда нозик илмий қизиқиши ҳам мавжуд эди. Шунинг учун Беруний бир китоб ёзиб уни султонга бағишлади. Бу асар тарихда «Қонуни Масъудий» номи билан машҳурдир. Бундай асар унгача мусулмон олимлари ўртасида ёзилмаган эди. Айтишларича олим ўзининг бу асари эвазига султон Масъуднинг катта инъомига сазовор бўлган. Аммо Беруний бу инъомни қабул қилмаган. У совғани қабул қилмаслик сабабини бундай изоҳлайди: «Буюм мени илмий ишдая қолдиради,  доно кишилар эса кумуш кетиб илм қолишини биладилар, мен бўлсам ақлнинг кўрсатишига мувофиқ иш кўраман ва абадий қоладиган илмий билимларимни ҳеч маҳал бу қалбаки дабдабаларга алишмайман».

Беруний ўз асарларида меҳнат тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, унинг тарбиядаги ўрнини кўрсатиб беради.  Ҳар қандай тилак-хоҳишларни амалга ошириш меҳнат билан боғлиқ, деб билади ва бу ҳақда «Геодезия» китобида шундай ёзади: «Инсоннинг тилак хоҳишлари меҳнат туфайлигина амалга оширилиши мумкин». Ҳа, ҳақиқатдан ҳам инсон ҳаётида, жамият тараққиётида меҳнат асосий ўрин эгаллайди-ки, ҳеч бир нарсани усиз тасавввур қилиш ва усиз эришиш мумкин эмас. Ер юзидаги қайси бир мавжудот бўлмасин у яшаш учун ҳаракат қилади, интилади, ишлайди. Ҳаракацизлик инсон истак-хоҳишларини амалга оширишда асосий тусиқдир.Ҳаракат ҳар қандай истакнинг руёбга чиқиши учун асос бўлади, деган фикрни илгари суради.

Беруний «Ҳиндистон» китобининг яратилиши ҳақида шундай бир фикрни билдирадики ундан ҳар қандай орзу истакнинг ўзаги меҳнат ёки ҳаракат деган хулоса    чиқориш мумкин. 1030 – 1031 йилларда ёзилган жаҳон илмий меросининг ноёб дурдона асари «Ҳиндистон» мутафаккирнинг ўзоқ изланишлари, тажрибалари, таҳлиллари, қиёслашлари ва тинимсиз меҳнати натижаси эди. У ҳақда олим шундай ёзади:  «Шундай  китоб вужудга келтириш иши мендан бошқа кимга муясcап бўлди? Лекин тангри мувоффақият бериб, мен маҳрум бўлган ҳаракатларга ҳозир бўлган кишигагина муяссар бўлиши мумкин» -дейди.

Беруний ўзгалар меҳнати эвазига кун кўрадиган, бошқаларни пешона тери билан топган бир парча нонини ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қилган ва турли мансабларга чиқиб олган кишилар ҳурматга лойиқ эмасликлари ҳақида тўхталиб «Минерология» китобида шундай, ёзади: «Меҳнациз шон-шавкатга, мартабага эришган киши ҳурматга лойиқми? Юқоря мартабага меҳнациз эришган киши фароғат ва роҳат соясида яшайди, яхши кийинади, аммо улуғлик либосидан маҳрум, ялангочдир».

У, инсонни Аллоҳнинг ердаги вакили, инсоннинг асосий вазифаси меҳнат орқали кўзланган мақсадига эришиш, яхшилик орқали яхшилик кўришидир, деб қайд этади.

«Бугунги кунда жамиятимизда тадбиркорлик, эркин иқтисодий фаолият кенг ривожланаётгани, давлатимизнинг иқтисодий қудрати ортаётгани, халқимизнинг маънавияти бойиб, илм-зиё салоҳияти юксалаётгани Ватан равнақининг асоси бўлади. Бу ўзгаришлар жараёнининг устувор хусусияти- халқимизнинг бунёдкорлик фаолиятидир», – дейилади «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» рисоласида.

Ҳа, мамлакатимиз мустақилликка эришганига мана 30 йил бўлди. Бу йиллар вақт уммонидан бир томчи. Лекин, шу қисқа давр ичида халқимиз томонидан асрларга татугилик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу меҳнатнинг эвази, илмнинг натижаси, адолат тантанаси, тарбиянинг ҳосиласидир.

Шу ўринда олимлар томонидан ўтказилган ушбу сўровномани илова қилиш фойдадан холи бўлмас, деб билдик.

Олимлар ўтказган 100 дан ортиқ эркак ва аёллар қамраб олинган сўровномасида қуйидаги саволлар қўйилди.  “Сиз қайтадан бола бўлиб қолсангиз, ота-онангиздан қайси сўзларни эшитишни  истардингиз?”. Улар “Менга сенга ишонаман”, “Мен сени яхши кўраман”, “Қўрқма. Биз сен билан” , “Хато қилишдан қўрқма”, “Этти пуштимизни танитганларида бундан ҳам яхшироқ бўлиб етишар эдик ва ҳ.к.з”

Сўралганларнинг 40% болаликдан ота-онадан рағбат, далда кўрмай ўсишганларини айтишган. Улар болаларига “Биз сенга ишонамиз”, “Сен зўр боласан” деган гаплар орқали тарбиялашганда улкан ютуқларни қўлга киритган бўлур эдик, деб жавоб беришган.

Сўралганларнинг 20% ота-онасидан “Мен сени яхши кўраман” , деган гапни эшитмасдан ўсишган. Бу фикрга кўпчилик қўшилади. Чунки ХХ асрнинг бошида бола тарбиясида оғир бешафқат воқелик ҳамда ҳодисалар сабаб бўлган. Ўшанда “болани қанча қийнасанг, қўрқса, кейин шунча меҳрибон бўлади” деган тушунча устун бўлган.

Сўралганларнинг 20 % етти пуштини билмаслигини айтишган. Уларга ота-оанлар ўз аждодларини таништиришмаган.

Сўралганларнинг 10% “Қўрқма, биз сен билан” деган жумлани зшитишмаган.  Бу эса уларда нима бўлганда ҳам менинг ота-онам бор, деган тушунча пайдо бўлмаган.

Сўралганларнинг 10% хато иш қилганларида ота-оналаридан нуқул жазо олишганини айтишган.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, олимлар қуйидагиларни тасия этишади:

  1. Ҳеч қачон фарзандингиз Сизга ўхшаган бўлиб вояга етишини кутманг. Унга “Сиз” бўлишида эмас, “Ўзи” бўлишида кўмаклашинг.
  2. Боладан ҳар бир қилаётган меҳнатингиз эвазига ҳақ талаб қилманг.
  3. Қариганда аччиқ кўз ёш тўкмаслик учун фарзандингиздан аламингизни ола кўрманг. Зеро, “Нима эксанг – шуни оласан”
  4. Уни муаммоларига тепадан қараманг. Унда ҳам ўзига хос муаммолар анчагина эканини унутманг.
  5. Болани ҳеч қачон Ерга урманг.
  6. Ҳеч қачон ёдингиздан кўтарманг. Одамзодни энг зўр учрашуви-фарзандлари билан учрашувидир. Улар билан дийдор кўришувидир. Уни ўз дардингизга шерик қилманг.
  7. Фарзандингиз учун нимадир қилиб бера олмасангиз ўзингизни қийнаманг. Чунки, фарзандингизга нима қилиб берсангиз ҳам, у камдек кўринаверади.
  8. Бола сизни қийновчи эмас. У Сизга Ҳаёт томонидан берилган бебаҳо ёдгорлик. Сиз унисалоҳиятни ривожлантиринг ва қалбини ҳимоя қилинг.
  9. Бировни боласини ҳам яхши кўринг. Ўзингизга тиламайдиган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўрманг.
  10. Фарзандингизни доим яхши кўринг-хоҳ у иқтидорсиз бўлсин, хоҳ омадсиз ёки улғайган бўлсин.

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.