Тил ҳар бир миллатнинг энг азиз бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита саналади.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Хақлқимизнинг бебеҳо бойлиги бўлган ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлиб, халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Президентимиз ўз нутқларидан бирида “Улуғ аллома, ХХ аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатган эдилар: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсацинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.
Дарҳақиқат, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тилининг ўзига хос бетакрор хусусиятларини сақлаб қолиш, уни келажак авлодга бешикаст етказиш бизнинг аждодларимиз ва келгуси авлод олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Тарихга назар ташласак, асрлар, даврлар ўтиши билан кўплаб тиллар истеъмолдан чиқиб, “ўлик тил”га айланганини кўрамиз. Лотин, оромий, қадимги юнон, келт, шумер, аккад, хетт тиллари… Улар қатори бир пайтлар юртимиз ҳудудида муомалада бўлган қадимги хоразмий, сўғд, бохтарий (бақтрий) тилларини ҳам келтириш мумкин. Турли босқинлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, авлодлар, дин ва мафкуралар алмашуви сингари омиллар тилларнинг тақдирида ҳал қилувчи рол ўйнаган. Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Ҳар икки ҳафтада 1 та тил ўлик тилга айланмоқда. Бу ҳолат ҳар бир тил эгаларини сезгирликка чақиради.
Ўзбек тили мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан зиёд тил киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Олимларнинг фикрича, бугун туркий тиллар орасида фақат олтита тилнинг ҳолати барқарор деб баҳоланган. Булар давлат тили мақомига эга бўлган ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларидир.
Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги мавқейи тобора юксалмоқда. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. Википедия маълумотларига кўра, ўзбек тили сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда туради. Агар дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжа мавжудлигини эътиборга олсак, бу яхши кўрсаткич.
Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100 та тилдан биридир. Ҳолбуки, дунёда бундай юксак мақомга эга бўлмаган, аммо юз миллионлаб кишилар сўзлашадиган тиллар ҳам бор. Ўзбек тили қўшни давлатларда ҳам муомаладаги асосий тиллардан саналади. Хусусан, қўшни Тожикистонда ва Қирғизистонда ўзбеклар туб миллат вакилларидан кейинги ўринда туради. Афғонистонда эса ўзбек тили пушту ва дарий тилларидан кейинги учинчи расмий тил саналади.
Бугун ўзбек тили дунё ахборот маконида ҳам ўз ўрнига эга тиллар қаторидан ўрин олган. Ўнлаб йирик халқаро ахборот маҳкамалари, радио ва телеканаллар ўз материалларини ўзбек тилида ҳам тарқатишмоқда. Википедия, Гугл, Фейсбук сингари йирик мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар, интернет платформаларида ўзбек тилининг мавқейи ошиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбек тили қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, унинг шаклланишида милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ҳамда бошқа элат ва миллатлар ўз таъсирини кўрсатгани ҳақида мавжуд илмий манбалар далолат беради.
Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш табиийдир.
Шу борада Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Атоий, Саккокий, Лутфий каби илму фан ва адабиёт намояндаларининг хизмати ва қолдирган мероси муҳим ўрин эгаллаганини қайд этиш жоиз.
Ўзбек адабий тили айниқса ХИВ-ХВ асрларда – Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланишнинг янги, юксак босқичига кўтарилди. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат каби ўнлаб мумтоз адиб ва алломаларимизнинг ижодида она тилимизнинг луғат бойлиги, бадиий имкониятлари, унинг гўзаллиги ва нафосати янада ёрқин намоён бўлганини таъкидлаш лозим.
Мустамлака тузумининг тазйиқларига қарамасдан, ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий камолотига, она тилимизнинг равнақ топишига бағишлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарварларнинг улкан хизматларини, бу йўлда ҳақиқий ватанпарвар, юртпарвар, миллатпарвар сифатида из қолдирган зиёли инсонларнинг номларини эл-юртимиз доимо ҳурмат билан эслайди.
1989-йил 21-октябрда ўзбек тилига “Давлат тили” мақомининг берилиши ўзбек тили тараққиёти учун туб бурилиш ясади. Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган қонунни қабул қилинишида Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди.
Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг қадри яна баланд бўлди. Давлатимиз мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга эълон қилинди; мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Конституциямиз ўзбек тилида яратилди, юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда Давлат мадҳиямиз она тилимизда янграмоқда.
Шунингдек, 1990-йили Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш давлат дастури тўғрисида”ги қарори, 1993-йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун, 1995-йили “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири, 1996-йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа ҳужжатлар қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди.
Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Давлатимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.
Юзлаб боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, янги газета ва журналлар, теле-радио каналлар, нашриётлар, маданий-маърифий муассасалар, кутубхоналар она тилимизда фаолият юритмоқда.
2016-йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда фолклоршунослик, диалектология, туркология, матншунослик каби йўналишларда ўзбек тили илмий нуқтайи назарлардан тадқиқ этилмоқда.
Ўзбек тили ва уни ўқитиш масаласида янги ўқув дастурлари яратилмоқда, дарслик ва қўлланмалар, рисола ва монографиялар нашр этилмоқда, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилининг бугуни ва истиқболи ҳақида амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилмоқда.
Пойтахтимиз марказида яратилган Адиблар хиёбониниг адабиётимизнинг буюк намояндалари, ўзбек тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бағишлангани айниқса эътиборлидир.
Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида, юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019-йил 4-октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ҳукумат миқёсида байрамни нишонлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Республиканинг барча вилоятларида турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Она тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан давлат тадбири ўтказилиб, унда Президентимизнинг шахсан иштироки ҳамда давлат тилининг нуфузини янада ошириш бўйича билдирган таклифлари, белгилаб берган вазифалари, қолаверса, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, Вазирлар Маҳкамасида давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил қилиниши, бундан буён 21-октябр мамлакатимизда она тили байрами сифатида кенг нишонланиши давлатимиз томонидан она тилимиз – ўзбек тилига ҳурмат ва эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан шу қисқа вақт ичида жиддий ишлар амалга оширилди. Атамалар Комиссияси фаолияти йўлга қўйилди, “Давлат тили тўғрисида” қонуннинг янги таҳрири, ўзбек тилини ривожлантиришнинг 2020-2030- йилларга мўлжалланган консепсия лойиҳаси ишлаб чиқилди.
2020-йилнинг 23-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу чинакам тарихий ҳодиса эди. Президентимиз ўз тилимизда бутун дунёга мустақил мамалакатнинг ўз тилида дунёга айтар сўзи борлигини намоён қилди.
Бугунги кунда халқаро майдонда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбек тили Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Франсия, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаймоқда.
Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил этилмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида Президентимиз юртимизда 3-Ренессансни яратиш масаласини кун тартибига қўйдилар. Аминмизки, орадан йиллар ўтиб юртимизда 3-Уйғониш даври бўлади ва ўзбек тилида яратилган илм-фан ривожи яна дунё тамаддунига катта ҳисса қўшади. Ўзбекнинг янги Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийлари дунёга ўзбекнинг тафаккурини, зиёсини таратади.
2019-йил 21-октябр куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Фармонда ҳам давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дарсликларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.
“Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар”, деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган куннинг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.
Алишер Навоий ҳазратлари “Тилга эътиборсиз, элга эътиборсиз”, дея бежиз таъкидламаган. Она тилини севмаган, унинг қадрини англамаган инсон юрагида эл-юртга бўлган муҳаббат ҳам бўлмайди. Биз тилимизни асраш ва уни ривожлантириш учун қанчалик ҳаракат қилсак, унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги нуфузи ва пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкамланиб боради.
Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва ривожлантириш, уларнинг давлат тилини тарғиб қилувчи ижодий ишларини ривожлантириш ва оммалаштириш орқали ёш авлодда она тилига нисбатан миллий ғурур ҳиссини шакллантириш, уларда умуминсоний қадриятларга бўлган ҳурмат туйғусини тарбиялаш адлия идоралари ходимларининг ҳам вазифасидир.
Она тилимизнинг улкан ютуқлари, унинг нуфузи ҳақида шаҳримизнинг ўрта таълим мактаблари, коллеж ва академик лицейлари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида ўтказилган онлайн тарзидаги брифингларда, олиб борилган тадбирларда тушунтириш ҳамда ўқув ишлари доимий равишда ташкиллаштириб келинмоқда. Кенг жамоатчиликда ватанпарварлик, маънавий – адабий меросимиз, она тилимиз тарихига қизиқиш уйғотиш, уни асраб авайлашга чорлаш каби мақсадлар ҳам кўзда тутилганки, уларнинг амалга ошиши тилимиз тараққиёти билан боғлиқ ўта муҳим омиллардир.
Тил – миллатнинг сўнги қўрғони. Миллат руҳи фақат тилда сақланиб қолади. Таниқли олим Зуҳриддин Исомиддин тўғри таъкидлаганидек: “Ўзбек тили бизнинг миллий бойлигимиз ёки фахри – ғуруримиз эмас. У.. байроқ, герб ё гимн сингари рамзлардан бири ҳам эмас. Чунки уларнинг ҳаммасини, шароит тақозо қилса – ўзгартирса бўлади. Аммо тилингизни қандай ўзгартирасиз? Тил – миллатнинг жони. Шу тил бўлмаса – ўзбек йўқ, Ўзбекистон йўқ”.
2019-йил 21-октябр куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Фармонда ҳам давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дарсликларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.
“Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар”, деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган куннинг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.
Алишер Навоий ҳазратлари “Тилга эътиборсиз, элга эътиборсиз”, дея бежиз таъкидламаган. Она тилини севмаган, унинг қадрини англамаган инсон юрагида эл-юртга бўлган муҳаббат ҳам бўлмайди. Биз тилимизни асраш ва уни ривожлантириш учун қанчалик ҳаракат қилсак, унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги нуфузи ва пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкамланиб боради.
Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва ривожлантириш, уларнинг давлат тилини тарғиб қилувчи ижодий ишларини ривожлантириш ва оммалаштириш орқали ёш авлодда она тилига нисбатан миллий ғурур ҳиссини шакллантириш, уларда умуминсоний қадриятларга бўлган ҳурмат туйғусини тарбиялаш адлия идоралари ходимларининг ҳам вазифасидир.