Тошкент тиббиёт академияси мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар тайёрлайдиган таянч тиббий олий таълим муассасасидир.

Бу ерда кадрлар салоҳиятини ошириш, талабаларнинг амалий кўникмасини мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнини самарали ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бунинг амалий ифодаси сифатида янги ўқув йилида академиянинг янги реконструкция қилинган бош ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Бизнинг ходимлар хам бу жараёнда фаол қатнашдилар.

Бинонинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Абдураҳмонов, соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов, шунингдек, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Бугун мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар негизида кадрлар тайёрлаш сифатини оширишдек эзгу мақсад ётибди. Буни Тошкент тиббиёт академияси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Фойдаланишга топширилган янги бинода 8 кафедра, 10 бўлим, маъмурият ҳамда бошқа хоналар жойлашган бўлиб, 3000 нафар талаба таҳсил олишига мўлжалланган.

Иншоотда 148 ўқув аудиторияси, 10 смарт маъруза зали, 60 болажонга мўлжалланган боғча, 500 нафардан ортиқ талабанинг мустақил тайёргарлиги учун ижтимоий зоналар ҳамда 520 ўринли овқатланиш шохобчаси мавжуд.

Хусусан, бинонинг биринчи қаватида Симуляцион марказ ва 3 та электрон микроскоп лабораторияси ташкил этилган. Япониянинг замонавий лаборатор ускуналари билан жиҳозланган симуляцион марказда бакалавриат ва магистратура битирувчилари амалий кўникмаларни ўзлаштириш имконига эга.

Мазкур бўлим турли клиник вазиятларни акс эттирувчи манекенлар ва симуляторлар билан жиҳозланган бўлиб, шошилинч тиббий ёрдам, реанимация, жарроҳлик, педиатрия, терапевтика мутахассисликлари ҳамда анъанавий тиббиёт каби 10 та ўқув аудиториясини ўз ичига олади.

Шунингдек, бинонинг иккинчи қаватида Рақамли тиббиёт маркази жойлашган. Бу ердаги тест марказида талабалар ўртасида имтиҳон ўтказиш, мустақил тайёргарлик кўриш учун 24/7 тартибида ишловчи 200 ўринли виртуал кутубхона ва компьютер синфлари мавжуд.

Телемедицина ёки масофавий тиббиётга бағишланган бўлимда талабаларга масофавий тиббий хизмат тизимида ишлаш, электрон поликлиника ва стационар бўлимда эса электрон тизим орқали беморни рўйхатга олиш, маслаҳат бериш, кундалик ҳолатидан хабар олиш ҳамда электрон карта тўлдириш ўргатиб борилади.

Шунингдек, бинонинг еттинчи қаватида Биотиббиёт технологиялари маркази ташкил этилиб, тиббий генетика, ҳужайра технологиялари, иммунология, электрон микроскопия, фармакотоксикология, экологик лаборатория ва илмий мактаблар мавжуд.

Ушбу қаватда жойлашган технопарк ва саккизинчи қаватдаги рақамлаштирилган ахборот-ресурс маркази ҳам талабаларнинг билим олиши ва ўз устида изланиши учун кенг имконият яратади.

Очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар янги бинонинг имкониятлари билан яқиндан танишиб, Симуляцион марказ ва бошқа бўлимлар фаолиятига юқори баҳо берди.

Оставить комментарий

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.