Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги, маънавияти ўзининг салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи ва таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигига эришгач, унинг бир неча минг йиллик ижтимоий-сиёсий тарихини ҳар тарафлама ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилди. Айниқса, марказлашган Амир Темур салтанати, унинг ўзбек давлатчилиги ва маданиятини ривожлантиришдаги ўрни масалаларига ойдинлик киритилиб, тарихчи, шарқшунос олимларимиз кўплаб биринчи манба аҳамиятидаги асарларни ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирдилар. Давлатимизнинг сиёсати ва халқимиз хоҳиш-иродасига асосланган Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 декабрда «Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори, 1995 йил 26 декабрда эса Президентимизнинг «1996 йилни Амир Темур йили деб эълон қилиш тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинди. 1996 йил мартида «Темурийлар тарихи» давлат музейини ташкил қилиш хусусида, «Амир Темур» орденини таъсис этиш тўғрисида фармонлар чиқди. ЮНЕСКО қарори асосида Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланди. 1996 йил апрелида шу ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида «Темурийлар даврида фан, маданият ва таълим равнақи» мавзуида илмий конференция ўтказилиб, Буюк давлат арбобининг тарихдаги ўрнига юксак баҳо берилди. «Амир Темур жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат барпо этган буюк саркарда ва давлат арбоби сифатидагина мавқеи тутмайди.
Бугунги кунда демократик ҳуқуқий давлат қураётган халқимиз Ватанимиз тарихида ҳуқуқий давлат ҳақидаги тасаввур ва қарашларнинг юзага келиши ҳамда ривожланиши, унинг юридик манбалари, дунёвий ҳуқуқ ва қонунчилик масалаларини ҳам билишни истайди, албатта. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, Темур тузукларини тарихий-ҳуқуқий тадқиқ этиш алоҳида долзарблик касб этади. Зеро, ўтмиш меросимиз, унинг бой давлатчилик ва ҳуқуқий асослари, хусусан, Амир Темур даврида давлат ва ҳуқуқ борасида қўлланилган адолатли тамойиллар бугунги кунда мустақиллигимизга ҳам хизмат қилиб, шахснинг юксак сиёсий, ахлоқий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда кўмаклашмоқда. Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи асосий тарихий манбалар бениҳоя кўп ва хилма-хил бўлиб, бу унинг номи, жаҳон тарихидаги роли беқиёс эканлиги ва ғоят машҳурлигидан далолат беради.
Амир Темур, Темурийлар давлати, унинг ташкил топиши масалаларига бағишланган, чет элларда ва Республикамизда олиб борилган тадқиқотларнинг илмий таҳлили ҳам бир қатор олимларимизнинг китобларида ёритилган. «Темур тузуклари» илмий жамоатчиликни 600 йил мобайнида қизиқтириб келмоқда.
Ёв асоратида қолган Мовароуннаҳр халқи, озодлик курашига шайланар экан, кўксида асраб-авайлаб келган истиқлол ғоясини қудратли куч ва ҳаракатга айлантирадиган маънавий асосни ахтарди. Туронликларнинг эркка бўлган интилиш ва иродасини тарбиялаган ер, аввало, машҳур аждодлар ватанпарварлиги, сўнгра дини ислом ва шу юртда дунёга келган тўрт буюк тариқат бўлди. Мўғуллар босқини арафасида шаклланиш босқичида бўлган Футувват (жавонмардлик, жўмардлик), Яссавия, Хожагон (кейинроқ Нақшбандия) ва Кубравия тариқатлари намояндалари таъсирида халқ эътиқодини поклаб, маънан ўзидан тубан турувчи душман устидан руҳий ғалабага эришди.
Темурнинг ижтимоий-сиёсий тамойиллари тизимини янада батафсилроқ баён қилсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади: 1. Амир Темур иқтисодиётни ҳар қандай салтанат пойдевори, деб тушунган. «Давлату салтанат – деб таъкидлайди, Темур ўзининг «Тузуклари»да, – уч нарса билан – мулк, хазина ва лашкар билан тирикдир». Бу билан Темур давлатнинг яшаши ва ижтимоий ривожи учун, аввало, иқтисодий имкониятларга эга бўлиши зарурлигини таъкидлайди. 2. Амир Темурнинг қарашларига кўра, ҳар бир мамлакат, турли хил иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, барча минтақалар «хусусида тўла маълумотларга эга бўлиши ва уларнинг иқтисодий хусусиятларини ҳисобга олиши» лозим. 3. Амир Темур асосий ишлаб чиқариш воситаси бўлган ер эгалигига катта эътибор қилди ва ҳар бир вилоятни идора қилишда давлат, вақф, хусусий ер эгалиги тартибларини сақлаб қолди ва бунга ер майдонининг миқдори, эгалик ҳуқуқини давлат манфаатини кўзда тутиб, ўзгартиришга ҳаракат қилди. 4.Темур меҳнатнинг яратувчанлик фаолиятини назарда тутиб, уни ижтимоий қадрият, деб тушунди. 5.Амир Темур иқтисодий тамойиллари тизимида молия масалаларига катта эътибор берган. Чунки молия Темур назарида давлатнинг иқтисодий таянчи ҳисобланган.
Темурнинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари унинг ахлоқий қарашлари билан асосланади ва диний ахлоқ устига қурилади. Шунинг учун ҳам Темур назарида ҳар қандай сиёсатнинг муваффақияти подшоҳнинг ўз фуқароларига бўлган раҳмдиллиги, саховатида-дир. Қуръонда «Тахлаку би-ахлоқ Аллоҳ» дейилганидек, – деб ёзади Темур, – агар подшоҳ, бирор гуноҳкорнинг гуноҳини кечирса, бу билан фуқаросига раҳм қилган бўлади. Менинг барча ишларимда ана шундай подшоҳлар менга ибрат бўлди».2 Темур ўз сиёсатида ҳам адолат, ҳаққонийлик, одилликка таяниб иш тутди. Чунки ўз сиёсатида ҳақ йўлини танлаган
Темур бундан бошқа сиёсат юритиши мумкин эмас эди. У нимаики қилса, шариат доирасида, мусулмон фиқҳи қоидаларига таяниб, умуман Ислом қудрати билан иш тутди. Бу эса Темурнинг ўз пири Абу Бакр Тойибодийнинг «рости-расти» яъни, «ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан» ҳикматини, Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Темур ўз тамғасига муҳр сифатида ўрнаштирган эди.
Шундай қилиб, Темур ҳам адолат ҳақидаги ўз қарашларини диний тамойиллар асосида баён қилди. Бизгача сақланиб қолган йилномалар ва тарихий манбаларда Темурнинг динга муносабати ўзининг яққол ифодасини топган. Жумладан, ислом динига муносабат тамойилини ишлаб чиққанлиги бутун темурийлар учун дастур вазифасини ўтади. Чунки Темур ислом динига давлатни идора қиладиган сиёсий тамойили йўқлиги учун эмас, балки унинг халққа энг яқин ва маъқул бўлганлиги ҳамда унинг инсонпарвар хусусияти учун тўла таянган.
Темурнинг сиёсий тамойили марказида инсон туради. Темур ўз даврида салтанат манфаатини халқ манфаатига бўйсундира олган давлат раҳбари эди. Темур сиёсий қарашлари тизимининг яна бир муҳим томони шундан иборатки, у ҳар бир сиёсий масалани ҳал этишдан олдин шу соҳанинг билимдон одамлари, олимлари билан маслаҳатлашиб, сўнгра қарор қилар эди. Унинг олимлар билан қиладиган маслаҳатлари турли шакл ва даражада бўларди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ХIV-ХV аср мутафаккирлари ўз ижодлари ва ғоявий карашларида адолатли ва маърифатпарвар шоҳнинг энг олий сифати қилиб, бирлари адолатни кўрсатсалар, бошқалари ақлни, учинчи тоифадагилар эса — ахлоқий сифатларни кўрсатганлар. Шуниси қизиқарлики, агар улар ўзларининг «Идеал давлат» номли ғоявий хаёлотини назарий жиҳатдан таърифлаган бўлсалар, XIV асрга келиб, Амир Темур уни амалда қўллай олди ва ўзида бухислат ва хусусиятларни мужассамлаштирган адолатли ҳукумдор сифатида майдонга чиқди. Ўз салтанати сиёсатини тасаввуф асосига қурган Темур адолат байроғини баланд кўтариб, халқни қуруқ қонун-қоидага эмас, балки инсоний тартиб-интизомга бўйсунишга чақирган. Чунки Темур инсоний тартиб-интизомга илоҳий тус бериб, уни муқаддас деб билади ва шунинг учун ҳам ёмонликни мақсад қилган кишиларни жиловловчи ва яхшилик йўлида жафо чекувчиларни қувватловчи ҳар қандай подшо ва ҳокимга бўйсуниш керак, деб ҳисоблайди.
Шуни айтиш лозимки, баъзи олимлар ҳақли равишда, Буюк Темур салтанати – империясининг бошқариш қонунқоидалари Нақшбандий тариқати ғоялари билан асосланган, деб ҳисоблайдилар. Темур тузукларининг вужудга келиши, кучли мафкуравий назария ҳамда бой амалий тажрибалар маҳсули сифатида майдонга келганлиги кўрсатиб ўтилади.
Амир Темур ўзи яшаб турган жамиятни энг етук ижтимоий тизимга айлантириш, фаровон ҳаёт қуриш мақсадидагина курашиб қолмай, балки бу ғояларнинг бутун дунёда тантана қилишига ҳам ишонган эди. Фақат шу мақсаддагина у ҳарбийлик либосини кийган эди. У ана шундай мақсадларда жаҳонгирлик қилган ҳар бир давлат бошлиғи, асосан, тўрт нарсани хотирасида сақлаш кераклигини уқтиради: биринчидан, қайси мамлакатни забт этмоқчи бўлса, тўғри тадбир ва кенгаш билан иш тутиш; иккинчидан, хатога йўл қўймаслик учун ҳар бир ишни кўп ўйлаб, сергаклик ва эҳтиёткорлик билан қилиш; учинчидан, ўз атрофида аслзода эр йигитларни (амирларни) тўплаш ва бирлаштириш; тўртинчиси, бугунги куннинг ишини эртага қолдирмаслик.
Амир Темур дастури ва сиёсий-ҳуқуқий қарашларида мукаммал жамиятни орзу қилишдан кўра, кўпроқ уни амалга ошириш ҳамда унинг масъулиятини ўз зиммасига олиш яққол сезилиб туради. Шунинг учун ҳам Амир Темурнинг давлат арбоби, саркарда ва мутаффакир сифатидаги ўзига хос томони шундаки, у ўзи ҳукмронлик қилган салтанат (империя) тимсолида мукаммал жамиятни қурди ва уни ҳар томонлама мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Амир Темур сиёсий таълимотининг муҳим жиҳати жамиятни бошқаришда қонуннинг устуворлиги, қонунчилик масаласидир. Темур салтанатини бошқаришнинг асосий шарти, қонуннинг ҳамма аъмоллардан устунлигини тан олиш ва унинг асосий қоидаларини яратишдан иборат бўлди. Темурнинг қонун устуворлиги тамойили зарурий шарт эканлиги ҳақидаги хулосасида, қонуннинг устуворлиги жуда теран қўйилган: бу ғоя Соҳибқироннинг онгида Имом Исмоил Бухорий, Имом Абу Исо ат-Термизий, Форобий, Тафтазонийларнинг ҳуқуқий таълимотларини, Бурҳонидин Марғинонийнинг «Ҳидоя»сини, унинг «Мухтасар» ини мактаб ва мадрасада ўрганиб, олимлар билан бўлган учрашувларида эшитиш натижасида шаклланган ва шунинг учун жамиятда қонун устуворлиги масаласига «Тузуклар»да кенг ўрин ажратган.
Яъни «Улуғ бобокалонимиз Амир Темур «қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади», деган гапларини тарих саҳифаларига зарварақлар билан ёздирган эди». Темур даврининг мумтоз тарихчиларидан бўлган Ибн Арабшоҳ Амир Темурнинг фазилатларини шарҳлаб: «Темур тенги йўқ феъл-атворли, чуқур мулоҳазали киши бўлиб, унинг тафаккур денгизининг қаъри йўқ ва (унинг) таъбири тагига на текислигу, на ғадир-будур орқали йўл топилади», – деб юксак баҳо берган эди.